Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўшма Штатларининг “C5+1” шаклидаги навбатдаги вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.
Видеоконференсалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари “C5+1” доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар.
Иқтисодиёт, хавфсизлик, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, шунингдек, Афғонистондаги вазият юзасидан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ўз нутқида иқлим ва экологик ўзгаришларнинг оқибатларини юмшатиш, минтақада “яшил иқтисодий ўсиш”ни таъминлаш, пандемияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ўзаро савдо, инвестиция ва транспорт алоқаларини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш орқали “C5+1” йўналиши бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш учун имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги