Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саудия Арабистони инвестиция вазири Холид ал-Фалиҳ билан музокаралар бўлиб ўтди
2022-02-28 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал–Фалиҳ ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг ўтган йилнинг май ойида Саудия Арабистонига ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларнинг ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Энергетика ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш соҳасига қўшимча Саудия Арабистони инвестицияларини жалб қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда қарийб 3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошираётган Саудия Арабистонининг "ACWA POWER" компаниясининг бу борада алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.
Саудия Арабистони томони Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, кимё ва нефть кимёси, шунингдек металлургия соҳаларида қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш бўйича яқин ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Жорий йилда ҲК йиғилиши, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида Ишбилармонлар Кенгашининг қўшма йиғилиши, шунингдек, Ар-Риёд ва Жидда шаҳарларида “Made in Uzbekistan” ўзбек маҳаллий маҳсулотларининг кўргазмасини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида мунтазам равишда тўғридан-тўғри йўловчи ҳаво кемалари қатновини йўлга қўйиш орқали ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Тадбир якунида устувор тармоқларда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича навбатдаги амалий ҳаракатлар келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги