Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Оролбўйи минтақасидаги ер майдонларининг шўрланишига қарши қандай курашиш мумкин?

2022-02-23 | Экология

Инновацион ривожланиш вазирлигида ўтказилган «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш» масалаларига бағишланган Халқаро конференция иштирокчилари томонидан Оролбўйи муаммоси нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё, балки бутун дунёнинг энг йирик экологик муаммоси экани, уни бартараф қилиш учун халқаро миқёсда жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Оролбўйидаги ҳолатни кенг кўламли халқаро ҳамкорлик билан юмшатиш имкониятларига урғу берилди.

Шу муносабат билан, Япония ҳукуматининг “SATREPS” (Барқарор ривожланиш йўлидаги илмий тадқиқот ва технологик ҳамкорлик) дастури доирасида «Оролбўйи минтақасидаги ер майдонларининг шўрланишга қарши курашиш, уларнинг унумдорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг ва назорат қилишнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш» лойиҳасини амалга оширишга киришилаётгани эълон қилинди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Япониянинг манфаатдор вазирлик ва идоралар, етакчи олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтлари, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамда хусусий сектор вакилларидан ташкил топган консорциум томонидан 5 йил давомида амалга оширилади. Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳа нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда Япония ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган дастлабки ва энг йирик ташаббус ҳисобланмоқда.

Мазкур лойиҳанинг тадқиқот гуруҳи етакчиларидан бири, Япониянинг Тоттори университети профессори, ватандошимиз Кристина Тодерич билан ушбу йирик дастурнинг мазмун-моҳияти, муаммони ҳал этиш йўллари ҳақида суҳбатлашдик.

– Кристина Николаевна, биз сизни чўл ва шўрланган ерларда биодеҳқончиликни ривожлантириш, ҳамда экология соҳасидаги таниқли олим сифатида биламиз. Ҳозирда қандай фаолият билан шуғулланяпсиз?

– Дарҳақиқат, қурғоқчил иқлим шароитида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чўл экологияси ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида деярли 35 йиллик тажрибага эгаман. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясидаги фаолиятим кўплаб фундаментал, академик ва амалий тадқиқотларни амалга ошириш учун яхши трамплин бўлди. Бу ўз навбатида мени Орол денгизи муаммоларини ўрганишимга, Орол ҳавзаси ва қуриган денгиз тубидаги ерларни флорасини ҳар томонлама ўрганиш, у ерда ёввойи ўсимликларни кўпайтириш ва улардан иқтисодий фойда олиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни мутлоқо янги имкониятлари ҳақида тадқиқотлар ўтказилишига туртки берди. Агар янги технологиялар асосида, шўрланган ерларда ноанъанавий экинлар етиштиришга киришилса, шубҳасиз, бу чекка ҳуддудларда  озиқ овқат  маҳсулотларини етиштириш орқали шу ерларда яшовчи аҳоли турмуш тарзини яхшилаш имкониятлари мавжуд.

– Ўзбекистон сиз учун бегона эмас. Шу ерда яшагансиз, илмий фаолиятингизни ҳам айнан Ўзбекистонда бошлагансиз...

– Ўзим Молдаванинг қишлоғида туғилганман, ўша ерда таълим олганман. Санкт-Петербургдаги Ботаника институти аспирантурасида таҳсил олаётганимда турмуш ўртоғим билан танишиб, Самарқанд вилоятига келиб яшаганмиз. Аввало бу ерда ўзбек тилини ўргандим, умуман менга ёт бўлган анъаналар билан танишдим, уларни қабул қилдим. Оддий қишлоқ хонадонга, лекин ўта зиёли оилага келин бўлганим менинг бахтимдир. Айнан шу оиланинг қўллаб-қувватлови билан илмий ишимни давом эттириб, аввал номзодлик, кейин докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга муваффақ бўлдим. ЎзР ФАнинг Самарқанд бўлимида кўп йиллар меҳнат қилдим. 2006-2019 йиллар давомида БМТнинг бешта Марказий Осиё ва Кавказолди давлатлари иштирок этган шўрланиш шароитида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурида координатор бўлдим (ИКБА-ЦАЗ). Ана шу йилларда мен кўплаб халқаро ташкилотлар ва донорлик дастурлари билан ҳамкорлик қилдим, улардан кўп нарса ўргандим ва шундан сўнг халқаро маслаҳатчи сифатида тан олиндим. Айниқса, Афғонистоннинг қурғоқчиликдан жабр кўрган ҳудудларида муқобил яшаш шароитларини яратишга бағишланган халқаро лойиҳада иштирок этганим хотирамда алоҳида из қолдирди. Бунда ва кейинги илмий ишларимда аспирантурада олган билимларим ҳамда Ўзбекистонда иш давомида орттирган тажрибаларим кўп ёрдам берди. Лойиҳаларда иштирок этиб юрган пайтларимда кўплаб монографиялар, илмий мақолалар чоп этдим ва бу менга халқаро миқёсда эътироф этилишимга имкон берди. Бу изланишлар республикамиз учун янги йўналишда, яъни Оролбўйининг табиий ресурсларини тиклаш ва сақлаш лойиҳаси устида ишлашимга туртки берди. Умуман олганда мен, нафақат табиий, балки маҳаллий аҳолининг қадимги аждодлари қолдирган маданий меросни асраб авайлаш тарафдориман, қадим анъаналардан ҳамда тажрибалардан кўп нарсаларни олишга ҳаракат қиламан.

– Келинг, мана шу амалга ошираётган лойиҳангиз ҳақида суҳбатлашсак.

Табиатда галофит, яъни шўрланган ерларга мослашган ўсимликлар ўсади. Бизнинг концепциямиз мана шу ўсимликларни маданийлаштириш, улардан ҳосил олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатида фойдаланиш. Айрим галофит ўсимликларини қайта ишлаб, улардан маҳаллий чорва ёки парранда учун ем олинса, айримларини, ҳатто, аҳоли рационига қўшиш масаласи устида ҳам бош қотириш вақти келди. Бу борада Исроил, АҚШ, Япония каби давлатларда тадқиқот ишлари бошлаб юборилган. Албатта, бу концепциямизга кўпчилик ишонмаслиги мумкин, аммо картошкани Америкадан олиб келиб, уни ўзимизда ҳам энг кўп истеъмол қилинадиган сабзавотга айлантирилгунча қанча вақт кетганини бир ўйлаб кўрайлик. Ёки, пахта, ҳатто буғдой ёки гуруч каби ўсимликларни маданийлаштиргунча ҳам одамзод минглаб йиллар давомида ҳаракат қилган. Худди шундай ҳозирда тиканак деб қаралаётган чўл ўсимликларини етиштириш, улардан ҳосил олиш ва кенг қўллаш келажак талаби. Узоқ қишлоқларда қийинчилик кўриб яшаётган аҳолига муқобил имкониятларни яратишимиз керак. Бунда ген муҳандислигининг ўрни беқиёс бўлади. Айнан ҳозир Орол ҳавзасида табиий ўсаётган ўсимликларнинг ген маълумотларини ишга солиш, шўрланиши юқори бўлган бошқа ҳудудларда ўсадиган ўсимликларни олиб келиб кўпайтириш устида тадқиқотлар олиб борамиз. Агар тажрибаларимиз ўзини оқласа, у кейинчалик кенг йўлга қўйилади. Бу ишлар биздан жасорат, қунт ва меҳнат талаб этади.

– Чўл шароитида ўсимликларни етиштириш қўшимча сув ресурсларини талаб қилади, деган тушунча бор. Чўл зоналарида аграр соҳани ривожлантириш орқали яна табиатга зиён етказилмайдими?

–Галофит ўсимликларнинг ажойиб хусусияти шундан иборатки, улар айнан шўрланган ерларда ўсиб, ортиқча сув талаб қилмайди. Айрим ўсимликлар, аксинча, ўзига тузни тортиб олади, яъни тупроқни туздан халос этиш хусусиятига эга. Бундай ўсимликлар, албатта, озиқ-овқат сифатида ишлатишга ярамайди, аммо улардан биоёқилғи сифатида фойдаланиш мумкин. Чўл шароитида етиштириладиган киноа, амарант каби ўсимликларда оқсил моддаси кўп бўлгани боис, чорвачиликка сарфланадиган харажатлар иқтисод қилинади. Лекин уларнинг ҳам мавжуд навларини эмас, балки айнан Оролбўйи минтақасига мослаштирилган навларидан фойдаланилганидагина, иқтисодий фойда ҳақида гапириш мумкин бўлади. Демак, ҳозирда қиладиган ишимиз, шўрга чидамли ўсимликлар устида фундаментал тадқиқотларни олиб бориш, унинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш талаб этилади.

– Япония ҳукумати томонидан ажратилган грант ҳақида бироз маълумот берсангиз.

– 2019 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбарининг Японияга ташрифи бизнинг лойиҳамизга эътиборни орттирди. Президентимизнинг Оролбўйи муаммоларига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш йўлидаги амалий қадамлари ўз самарасини берди. Ушбу дастурни яратиш устида қарийб уч йил ишладик, у Япония Фан ва технологиялар агентлиги ҳамда Япониянинг 11 та университети томонидан қўллаб-қувватланди. Бу жуда ҳам нуфузли грант дастури бўлиб, албатта, ривожланаётган мамлакатлар учун маълум устуворликлар берилади. Аммо Ўзбекистонга Японияда ривожланган мамлакат сифатида қаралмаслиги бу дастур бўйича грантни қўлга киритишда ривожланган мамлакатлар билан бир мақомда курашишимизга тўғри келди. Бу дастур турли соҳалардаги фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаши ҳам аҳамиятга молик.

Орол денгизи муаммоси узоқ вақтдан бери мавжуд бўлиб, сўнгги йилларда миллий ва минтақавий чегаралар доирасидан чиқиб кетди. Чунки кўплаб континентал кўллар, дейлик Конго, Эрон, Италияда ҳам бу каби ҳолатлар такрорланиши хавфи мавжуд. БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни қабул қиларкан, Орол денгизи ҳавзаси муаммоларининг ечимини бошқа давлатлардаги шу каби муаммоларни ечишга жорий этиш имкониятини ҳам назарда тутади.

– Биласизми, Орол денгизи муаммосига қаратилган лойиҳаларнинг саноғига етиб бўлмайди. Журналист сифатида бундай лойиҳалар томонидан ташкил этилган турли тадбирларга борганмиз, кўрганмиз. Лекин четдан қараганда уларнинг фойдаси йўқдек туюлаверади. Сиз иштирок этаётган дастур ҳам мана шундай из қолдирмайдиган лойиҳалардан бўлмаслигига кафолат борми?

– Сиз атаётган лойиҳаларнинг аксарияти донорлик дастурларидир. Донорлик дастурлари ҳам керак, аммо бундан лойиҳалар ўз мақсадлари билан келади ва шу мақсадга эришганидан кейин якун топади. Балки яна бирор йилга узайтирилар ҳам. Аммо алал оқибат якунига етадию, лойиҳадан, айтганингиздек, из ҳам қолмайди. “SATREPS” эса беш йиллик йирик лойиҳа бўлиб, у фундаментал изланишлар, таълим, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш, хусусий сектор манфаатларини бир-бирига боғлашга қаратилган. Япониялик олимлар бунда ўзбекистонлик олимлар билан ҳамжиҳатликда ишлайди, олинган билимларнинг бари Ўзбекистонда қолади ва амалиётга жорий этилади. Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошчилигида маҳаллий олимлар жамоалари Оролбўйи муаммоларига ечим қидирадилар. Яъни ушбу минтақа учун топилган ечим, кейинчалик бошқа ҳудудлар учун прототип бўлади. Бир сўз билан айтганда, икки давлат – Япония ва Ўзбекистон ўз илмий салоҳияти ва инсон капиталини ҳамкорликда ривожлантиради. Япониянинг 11 та энг еткчи университетлари олимлари ҳозирда шу лойиҳага ўз ҳиссаларини қўшишга бел боғлашган. Ўз навбатида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам бу ишларга бош-қош бўлади.

Ушбу лойиҳа иқлим ўзгаришини кузатиш марказини ташкил этишни, метеорологик мониторингни ўтказишни, шунингдек, Орол денгизи ҳудудида сув таъминоти чекланган шароитда маҳаллий жамоатчиликларнинг фаровонлик даражасини кўтариш ва ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида шўрланиш билан курашиш учун қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий этишни кўзда тутади.

Лойиҳа Ўзбекистонда, хусусан, Қорақалпоғистонда шўрланиш даражаси юқори бўлган шароитларда метеорологик кузатувлар ва тўғридан-тўғри прогнозлаш билан бир қаторда  инновацион қишлоқ хўжалиги техникаларини яратиш ва синовдан ўтказишга қаратилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш тўғридан-тўғри иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини топишга ва шўрланиш муаммолари ва дарёларнинг қуйи оқимларида сув ресурсларидан фойдаланиш имконияти мавжудлигини ҳал қилишга қаратилган. Лойиҳа Япония ҳукуматининг SATREPS дастури доирасида бир қанча Ўзбекистон ва Япония олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновацион маркази, бир қатор вазирликлар ва идоралар консорциуми иштироки асосида Ўзбекистон ва Япония хусусий секторининг ёрдами билан амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги тадқиқот гуруҳлари фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги

Поделиться