Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Афғонистон устувор йўналишларда мулоқотни ривожлантирмоқда
2022-02-23 | Сиёсат
Жорий йилнинг 22 февраль куни қисқа муддатли сафар чоғида Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Мулла Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар чоғида томонлар ўзаро муносабатларни комплекс кенгайтиришдан икки тараф ҳам манфаатдор эканликларини билдирдилар. Савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича долзарб вазифалар кўриб чиқилди.
Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий фаолиятни қайта тиклашни жадаллаштириш ва барқарор тинчликни сақлашга қаратилган ҳамкорликни тиклаш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди.
"Термиз - Мозори-Шариф - Кобул - Пешавор" транс–афғон темир йўлини қуриш лойиҳаси, шунингдек, "Сурхон - Пули-Хумри" электр узатиш линиясини ўтказиш лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги навбатдаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистон томони ушбу йўналишда ҳамкорликни давом эттиришга ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Мозори-Шариф шаҳридаги халқаро аэропорт фаолиятини тиклаш доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда маҳаллий мутахассислар орасидан техник кадрлар тайёрлаш бўйича ташкил этилган тайёрлов курслари учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирилди.
Учрашув якунида томонлар ўзбек-афғон ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этишни жадаллаштириш мақсадида мулоқотни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги