Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳаллийлаштириш даражасини муттасил чуқурлаштириб бориш масалалари муҳокама қилинди
2022-02-21 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг навбатдаги мажлиси ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини муттасил чуқурлаштириб бориш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги муҳокамасига бағишланган бўлиб, унда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Мажлисда 2021 йил якунларига кўра Ички ва ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурида назарда тутилган 1 938 та лойиҳа доирасида 30,1 триллион сўмлик, шу жумладан, тармоқ корхоналари негизида амалга оширилган 538 та лойиҳа доирасида 13,2 триллион сўмлик ҳамда ҳудудий корхоналар негизидаги 1 400 та лойиҳа доирасида 16,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилганлиги ва белгиланган режа-кўрсаткичлар ижроси 123,2 фоизни ташкил этганлиги қайд этилди. Бунинг натижасида:
иқтисодиёт тармоқларида, шу жумладан, “Ўзэлтехсаноат” Уюшмасида – 4,6 триллион сўмлик, “Ўзбекнефтгаз” АЖда – 3,2 триллион сўмлик, “Ўзкимёсаноат” АЖда – 1,8 триллион сўмлик, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” Уюшмасида – 1,2 триллион сўмлик, “Ўзавтосаноат” АЖда – 715,6 миллиард сўмлик, “Ўзтўқимачиликсаноат” Уюшмасида – 595,1 миллиард сўмлик, “Олмалиқ КМК” АЖда – 217,1 миллиард сўмлик;
ҳудудий корхоналар кесимида, шу жумладан, Тошкент шаҳрида – 4,1 триллион сўмлик, Жиззах вилоятида – 3,4 триллион сўмлик, Андижон вилоятида – 2,7 триллион сўмлик, Тошкент вилоятида – 1,1 триллион сўмлик, Фарғона вилоятида – 971,6 миллиард сўмлик, Самарқанд вилоятида – 857,5 миллиард сўмлик, Навоий вилоятида – 757,6 миллиард сўмлик, Наманган вилоятида – 564,4 миллиард сўмлик салмоқли лойиҳалар амалга оширилганлигига;
маҳаллийлаштириш лойиҳалари ҳисобига 2,8 миллиард АҚШ долларига тенг импорт товарлар ўрни босилганлиги ҳамда дастур доирасида 411 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинганлиги, шу жумладан, “Isuzu D-Max” автомобиллари, Full-HD ва Ultra-HD форматли телевизорлар, қурилиш ойнаси, сантехника ускуналари, керамика плиталари, енгил ва чарм саноати маҳсулотлари экспортга йўналтирилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг 44 та, ҳудудий корхоналарнинг 71 та лойиҳаси доирасида режалаштирилган маҳсулотларнинг маҳаллийлаштирилиши таъминланмаганлиги сабабли қиймати 1,5 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмаганлиги кўрсатиб ўтилди.
Мамлакатда юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестиция жалб этишни қўллаб-қувватлаш, талаб юқори бўлган кенг турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва саноат кооперациясини фаол кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 24 январда қабул қилинган “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-99-сон қарори
2022 йилда иқтисодиёт тармоқлари томонидан янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати (20,4 триллион сўмлик 1 026 та лойиҳа);
2022 йилда ҳудудий корхоналар томонидан янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати (16,1 триллион сўмлик 1 429 та лойиҳа);
2022 йилда маҳаллий маҳсулотлар етказиб бериш бўйича саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар рўйхати (4,4 триллион сўмлик 644 та лойиҳа);
республикада талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа таклифлари (117 турдаги) ҳамда ўзлаштириш учун тавсия этилаётган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар рўйхати (980 турдаги) тасдиқланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Мажлис кун тартиби доирасида инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А. Воитовнинг 2021 йилда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида, Давлат божхона қўмитаси раиси А. Мавлоновнинг Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган товарларга ўхшаш товарлар импортини қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида, “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раиси Ж. Мирзамаҳмудовнинг 2022 йилда тармоқ ва ҳудудий ташкилотлар томонидан импортни оптималлаштириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.
Мажлисда ҳисобот даврида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда турдош маҳсулотлар импорти ҳажмини қисқартириш борасидаги вазифалар ижросини таъминламаган тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларига нисбатан таъсир чоралари қўлланилиши белгилаб олинди.
Муҳокама натижаларига кўра:
ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини янада ошириш ва сифат жиҳатдан рақобатбардошлигини кучайтириш, шунингдек, ҳудудлар ва тегишли тармоқ корхоналарида импорт ўрнини босувчи маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича янги лойиҳаларни назарда тутувчи ўрта муддатли тармоқ дастурларини;
2022 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ўтказиш амалиётини давом эттириш бўйича режа-тадбирларни;
тармоқ ва ҳудудларнинг ўхшаш товарлар импорти таркибини оптималлаштириш мақсадида харидларни устувор равишда маҳаллий корхоналар маҳсулотлари ҳисобига, шу жумладан, электрон кооперация портали орқали амалга оширилишини таъминлаб бориш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Мажлис якунларига кўра Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг тегишли қарори қабул қилинди.