Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилоят филиали ташаббуси билан давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурслари билан ишлаш тузилмаларининг ўрни ва ролини кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқаришда ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида юзага келаётган мавжуд муаммоларга ечим топишга кўмаклашиш мақсадида ўқув семинарлар ташкил этиб келинмоқда.
Навбатдаги ўқув семинар халқ таълими, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимларидаги кадрлар билан ишлаш тузилмалари масъуллари учун ташкил этилди.
Семинарда вилоят прокуратураси, бандлик бош бошқармаси ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг малакали мутахассислари томонидан давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касбий ахлоқ-одобни, коррупцияга қарши туриш маданиятини ва унга тоқатсиз муносабатни шакллантириш, меҳнат муносабатларини тўғри ташкил этиш, инсон ресурсларини самарали бошқариш йўналишларида тушунтиришлар олиб борилди.
Жамият ривожланишида кадрлар салоҳияти жуда муҳим аҳамият касб этади.
Сир эмаски, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бошқарув кадрларини танлаб олиш, саралаш йўналишида белгиланган вазифалар ижроси давлат бошқарувини замон талаби даражасига чиқаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ҳозирги кунда дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган энг бирламчи масалалардан бири коррупция муаммосидир.
Семинар давомида Коррупциянинг олдини олиш, унга барҳам беришда фақат давлат ва ҳукуматнинг кучи билангина эришиб бўлмаслиги, шунинг учун мазкур ижтимоий иллатга қарши бутун жамият, барча фуқаролар курашмоғи зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бири эканлиги хусусида сўз юритилди. Шунингдек, меҳнат муносабатларини тўғри ташкил этилмаганлиги натижасида сўнгги вақтларда меҳнат низолари бўйича мурожаатлар сони кўпайиб кетганлиги алоҳида таъкидланди.
Бу эса ўз навбатида давлат ташкилотларидаги ходимлар билан ишлаш масъулларининг салоҳиятини янада ошириб боришни тақазо этади.
Манба: Наманган вилояти ҳокимлиги