Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Эрон ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболларини кашф этмоқда
2022-02-21 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон ҳукумати ва ишбилармон доиралари делегациясининг ташрифи доирасида Эронга борган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Теҳрон шаҳрида Эрон Ислом Республикаси Президенти Сайид Иброҳим Раисий билан учрашди.
Суҳбат давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳасидаги ҳамкорликка қаратилган Ўзбекистон-Эрон муносабатларининг кенг кўламли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтиришнинг шарт-шароитлари қайд этилди. Томонлар яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробарга ошириш учун имконият ва зарур ресурслар мавжудлигига ишонч билдириб, бу борада аниқ амалий чора-тадбирларни амалга оширишга ўзаро тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Томонларнинг фикрига кўра, инвестициявий ҳамкорлик йўналишида ҳам кенг истиқболлар мавжуд. Буни эронлик сармоядорлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар сони тобора ошиб бораётгани, шунингдек, Эрон ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозори ва иқтисодий ресурсларига қизиқиши ортиб бораётгани ҳам тасдиқлайди. Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Эрон Ҳукуматлараро комиссиясининг бўлажак 14-йиғилиши доирасида бир қатор янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистон ва Эрон тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича вазифалар белгиланди. Агросаноат, сув ресурсларини бошқариш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қора металлургия, машинасозлик, енгил саноат ва тиббиёт соҳаси бу борадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Шунингдек, махсус иқтисодий зоналар, хусусан, “Чабаҳар”, “Арас” (Эрон) ҳамда “Навоий” ва “Ангрен” (Ўзбекистон) ЭИЗ субъектлари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш истиқболлари алоҳида таъкидланди. Юқорида қайд этилган тармоқларда аниқ инвестициявий лойиҳаларни тайёрлаш ва тасдиқлаш ҳамда икки мамлакатнинг манфаатдор тадбиркорлари орасидан лойиҳалар ташаббускорларини аниқлаш бўйича биргаликда иш олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.
Томонлар икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида транспорт ва логистика соҳасида ўтказилган икки томонлама музокараларда эришилган муваффақиятларни олқишладилар. Жумладан, Ўзбекистон идоралараро делегациясининг жорий йил январь ойида Эронга ташрифи чоғида транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда икки давлат ҳудудлари орқали товарлар транзитини ошириш йўналишида келишувларга эришилди ва ҳамкорлик тўғрисидаги бир қатор муҳим битимлар имзоланди.
Томонлар икки мамлакат ва минтақа давлатларини бир-бири билан боғлайдиган янги, кам ҳаражатли савдо йўналишларини шакллантириш, шунингдек, ҳар икки мамлакатнинг транспорт ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида изчил қўшма ишларни давом эттириш устувор аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, музокаралар кун тартибига икки мамлакатнинг халқаро ташкилотлардаги иштироки доирасида биргаликда амалга ошириладиган чоралар, минтақавий хавфсизликни, минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, минтақавий аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар киритилди.
Учрашув якунида томонлар эришилган келишувларни амалга оширишга ва икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган фаол мулоқотга ўзаро содиқлигини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги