Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Жон Блинкен икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзаро қутлов мактублари йўлладилар.
Абдулазиз Камилов ўз мактубида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Мамлакатларимиз ўзаро ҳурмат тамойили асосида сиёсат, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари ва маданият соҳаларидаги қатор масалалар бўйича муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, анъанавий ўтказиб келинган маслаҳатлашувлар механизми Стратегик шериклик мулоқоти даражасига кўтарилиб, унинг биринчи мажлиси 2021 йилда Тошкент шаҳрида муваффақиятли ташкил этилгани алоҳида таъкидланади.
АҚШ билан халқаро ва минтақавий форматлар, жумладан, “C5+1” механизми доирасидаги самарали ҳамкорлик эътироф этилади. Афғонистон халқига ёрдам кўрсатиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги ҳам қайд этилади.
Ўз навбатида, Энтони Блинкен Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий янгиланишлар дастурига юқори баҳо беради. Америка томони бундан буён ҳам Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган улкан мақсадларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланади.
Мактубда Ўзбекистоннинг “C5+1” платформасини мустаҳкамлашга, жумладан, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, минтақавий хавфсизликни кучайтириш ва минтақа фаровонлигига кўмаклашиш соҳаларида қўшаётган салмоқли ҳиссаси қайд этилган.
Мактуб якунида Э.Блинкен Қўшма Штатлар Ўзбекистон олиб бораётган ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва конструктив ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканлигини маълум қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги