Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Янгиҳаёт: инсон қадрини улуғлашга қаратилган лойиҳалар ижобати

2022-02-21 | Жамият

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллалар ҳаёти, саноат лойиҳалари билан танишиш мақсадида 18 февраль куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида бўлди.

Янгиҳаётда бугун ҳаёт қайнамоқда. Аввал Сергели тумани тасарруфидаги бу ҳудудда қисқа фурсатда юзлаб кўп қаватли уйлар қад ростлади, минглаб оилалар кичик ватанли бўлди. Метро линиялари тортилди. Йўллар, кўприклар қурилди, яшаш учун қулай инфратузилма яратилди.

Давлатимиз раҳбари Янгиҳаётга олдинги ташрифида аҳоли сони ортаётганини ҳисобга олиб, янги корхоналар, ишлаб чиқариш обектларини қуриш, иш жойларини яратиш лозимлигини айтган эди. Бугунга келиб Президентимиз ташаббуслари бирма-бир ҳаётга татбиқ этилмоқда. Айни пайтда туманда йирик саноат корхонаси – 10 тага етди. 2 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари дастлаб тумандаги «Алмерро груп» масъулияти чекланган жамиятининг қандолат корхонасини кўздан кечирди.

Умумий қиймати 70 миллиард сўм бўлган ушбу корхона икки босқичдан иборат. Ўтган йили ноябрда биринчи босқичи ишга туширилган. Янги бино қурилиб, Туркиядан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган.

Бугунги кунда корхона йилига 2 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда шоколад, конфет, печенье, вафли каби 95 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. 120 киши иш билан таъминланган.

Президент қандолат маҳсулотлари сифатини кўрди.

– Сифати яхши, чет элники билан бемалол рақобатлаша олади. Фақат нархни тушириш бўйича яна имконият бор. Масалан, импорт қилинаётган қўшимчаларни хомашё шаклида олиб, шу ернинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилса, таннархни 10-15 фоиз арзонлаштириш мумкин. Шунда маҳсулотлар яхши сотилиб, қўшимча иш ўринлари очиш имконияти пайдо бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Корхонанинг иккинчи босқичи фойдаланишга топширилганидан сўнг йиллик қувват 10 минг тоннага етади. Маҳсулотларнинг бир қисмини қўшни давлатлар ва Мўғулистонга экспорт қилиш мўлжалланган.

2021 йил 4 февраль куни Ўзбекистон Президентининг “Тошкент шаҳрида “Янгиҳаёт” индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Давлатимиз раҳбари Янгиҳаёт туманига ташрифи чоғида ушбу технопарк қуриладиган майдонда бўлди.

Бу мажмуа учун 210 гектар майдон ажратилган. Шундан 150 гектари икки босқичда аукцион савдоларига чиқарилади. Тадбиркорлар сотиб олинган ернинг мулкдори бўлади ва корхоналарни ўзлари қуради.

– Тошкентда ер танқис, келгусида бундай майдонлар топилмайди. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш керак. Шунинг учун корхоналар кўп қаватли қилиб қурилгани маъқул, – деди Президент.

Бу ерда жойлаштириладиган корхоналарда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Умуман олганда, технопарк ишлаб чиқаришни кенгайтириш, саноат тармоқларига замонавий технологияларни жорий этиш, шу асосда аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилади.

Шу ерда Янгиҳаёт туманидаги корхоналар маҳсулотлари ҳам намойиш этилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев тумандаги Дўстлик маҳалласи ҳаёти билан танишди.

Бу ерда 11 та кўп қаватли уй бўлиб, 4 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла ҳудудида касб-ҳунар коллежи, мактабгача таълим муассасаси, дорихоналар, дўкон ва маиший хизмат шохобчалари бор.

Илгари бу ер бироз эътибордан четда қолган эди. Ўтган йили “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳудуд ободонлаштирилди. Болалар ўйингоҳи, спорт майдончаси, савдо ва касаначилик дўконлари барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси билан суҳбатлашди.

– Халқимиз мана шундай обод, чиройли жойларда яшашга муносиб. Ишларни маҳаллабай ташкил этаётганимиздан мақсад шу. Энди бу ерда муҳит, қўни-қўшничилик, аҳиллик ҳам мустаҳкам бўлиши керак. Миллий қадриятларимиздагидек тадбирлар уюштириш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Фуқаролар йиғинининг янги биносида маҳалла фаоллари, нуронийлар билан мулоқот бўлди.

– Бу – давлатнинг замини, – деди Президентимиз. – Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади. Кўраяпсизлар, замон таҳликали бўлиб турибди. Қийинчиликсиз оила бўлмаганидек, қийинчиликсиз давлатнинг ўзи йўқ. Биз ҳам сабр билан, илм билан, меҳнат ва ҳаракатимиз билан режаларимизни амалга ошираяпмиз.

Мамлакатимиздаги янги тизим асосида Янгиҳаёт туманидаги 30 та маҳаллага ҳам ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари тайинланган.

– Илгари одамлар муаммолар бўйича ҳокимиятга борарди, хатлар ёзарди. Энди ҳар бир маҳаллада Президентнинг вакиллари бор. Энди улар хонадонларни ўрганиб, ёрдамга муҳтож оилаларга кўмаклашиш, ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш бўйича ишларни йўлга қўйишлари зарур, – деди давлатимиз раҳбари.

Давлатимиз раҳбари Тошкент айланма йўли бўйида “бокс стрит” қуриш лойиҳаси билан ҳам танишди.

Йўл бўйида ташкил этиладиган бундай мажмуалар дунё тажрибасида бор. Унда кечаю кундуз ишлайдиган савдо, овқатланиш ва маиший хизмат шохобчалари бўлади. Уларни арзон ва тез қуриш мақсадида юк контейнерларидан фойдаланилмоқда.

Бунинг учун 7 гектар ер ажратилиши режалаштирилган. Объектлар тадбиркорларга электрон-онлайн аукцион орқали сотилади. Уларда 500 дан ортиқ иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Президент Тошкент шаҳрида ҳаракатланаётган электробусни ҳам кўздан кечирди. «Яшил» транспорт тизимини ривожлантириш, метрополитеннинг кейинги босқичлари ва трамвай йўналишини белгилаш бўйича кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманидаги “Тошкент индекс” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасини бориб кўрди.

Мажмуа ҳудуди 72 гектар. Бу ерда қарийб 1 триллион 300 миллиард сўм эвазига савдо дўконлари, логистика ва экспо марказлари, меҳмонхона, ошхона барпо этилмоқда. Уларда жами 13 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи бу йил Наврўз байрами арафасида ишга туширилади.

Шу ерда Янгиҳаёт ва Сергели туманларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Ўтган йили Янгиҳаёт туманида 600 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингдан зиёд иш ўрни очилгани қайд этилди. Сергели туманида 65 та лойиҳа натижасида 2 минг 600 та иш ўрни ташкил этилган. Мактабгача таълим муассасалари, поликлиникалар, спорт майдончалари қурилган. Ички йўллар, коммунал тармоқлар таъмирланган.

Йиғилишда жорий йилги вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Бу йил Янгиҳаёт туманида жами қиймати 3,8 триллион сўм бўлган 61 та лойиҳани амалга ошириб, 26 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

“Янги шаҳар” лойиҳаси доирасида 5 миллион квадрат метр уй-жой, кўплаб ижтимоий соҳа объектлари қурилади. “Йўлдош” мавзесидаги эски ёғоч уйлар бузилиб, уларнинг эгаларини замонавий турар жойларга кўчириш дастури бошланади.

Аҳоли зич маҳаллаларда учта болалар боғчаси, иккита мактабда қўшимча бино қурилади. Жамоатчилик фикри асосида аҳоли муаммоларини ҳал этишга 3,2 миллиард сўм йўналтирилади.

Сергели туманида умумий қиймати 6,4 триллион сўм бўлган 79 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 31 мингта доимий иш ўрни яратиш мўлжалланган. Жумладан, “Алютекс” корхонасида алюмин профиллар, “Резалит строй груп” корхонасида электрокар эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

2 та мактаб, 2 та болалар боғчаси ва оилавий поликлиника қурилади. “Алишер Навоий” мавзесида Янги Ўзбекистон массивини қуриш ишлари бошланади.

Йиғилишда Тошкент шаҳри туманларининг ҳоким ва сектор раҳбарлари сўзга чиқди. Ҳоким ёрдамчилари иштирокида иқтисодий, ёшлар етакчилари билан ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берди.

Унга кўра, ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, бандликни таъминлаш, фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишга йўналтиришда фаоллик кўсатади.

Ёшлар етакчилари ҳам ўз маҳалласидаги ёшларнинг муаммоларини доимий ўрганиб, уларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга кўмак беради ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, спорт ва китобхонликка жалб этишда ташаббускор бўлади.

Президентимиз уларга муҳим тавсиялар берди ва бу муҳим фаолиятда шижоат, ташаббускорлик, ватанпарварлик каби фазилатлар муҳим эканини қайд этди.

Манба: ЎзА

Поделиться