Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда энг кенг тарқалган коронавирус мутациялари бўйича мақола чоп этилади

2022-02-17 | Жамият

ЎзР ФА Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан тайёрланган «Ўзбекистонда тарқалган SARS-CoV-2 вирусининг секвенланган геномлари мутациялари профилини яратиш» (Profiling of the most reliable mutations from sequenced SARS-CoV-2 genomes scattered in Uzbekistan) номли мақола халқаро илмий журналларга жўнатилди ва биология бўйича илмий мақолалар эълон қилинадиган BioRxiv порталига жойлаштирилди.

Унда қайд этилишича, вақт ўтиши билан коронавирус геномидаги мутацияларнинг бир нечта янги вариантлари тезлик билан пайдо бўлаётгани сабабли, маълум бир минтақанинг SARS-CoV-2 генотипларини даврий равишда геном кетма-кетлигини аниқлаб боришга доимий эҳтиёж туғилмоқда. Бу глобал пандемия шароитида вирусга қарши диагностика, мониторинг ва даволаш воситаларини ўз вақтида ишлаб чиқиш учун зарур.

Ушбу мақсад йўлида Геномика ва биоинформатика маркази олимлари Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидан пандемиянинг биринчи тўлқини даври, яъни 2020 йилнинг ноябрь, декабрь ойларида COVID-19 га ПЗР-мусбат деб топилган 32 та беморнинг намуналаридан олинган SARS-CoV-2 генотиплари орасидан 18 та юқори сифатли тўлиқ геном кетма-кетлиги маълумотларини Халқаро маълумотлар базасига жойладилар. Намуна геномларидаги нуклеотид кетма-кетликларнинг полиморфизмлари, шу жумладан, коронавирус геномининг кодлаш ҳудудларида носинонимик (missense) ва синонимик мутациялар аниқланди.

Ўша пайтдаги коронавирус вариантлари геном секвенслари Африка ва Яқин Шарқ ҳамда Европа ва Шимолий Америка штаммларига ўхшашлиги аниқланди. Демакки, коронавирус Ўзбекистонга халқаро саёҳатлар туфайли кириб келгани тасдиқланади. Яъни биринчи тўлқин беморлари Ухан штаммининг Африка, Яқин Шарқ, Европа, Шимолий Америка вариантлари билан касалланган.

Филогенетик таҳлил 14 та тўлиқ геном намуналар кетма-кетлигини (1, 2, 4, 5, 8, 10-15, 17, 32) G синфига (ёки GR пастки синфига) ва тўртта бутун геном намуна кетма-кетлигини S синфига (3, 6, 25, 27) гуруҳлади. Жами, 45 та умумий ва 83 та ноёб мутациядан иборат 128 та мутация аниқланди. Улардан тўрттаси upstream мутациясини, олтитаст down-stream мутациясини, 50 таси синонимик ва 67 таси missense (маъносиз) мутацияни ифодалайди.

Мазкур маълумотлар Ўзбекистон Республикасидан олинган биринчи коронавирус геном кетма-кетлиги маълумотлари бўлиб, у глобал коронавирус кетма-кетлиги маълумотлар базасини бойитиш, келгусидаги қиёсий тадқиқотларга хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу тадқиқотда олинган коронавирус генотипларининг кетма-кетлиги маълумотлари маҳаллий ва минтақавий даражада COVID-19 касаллигини таққослаш, диагностика қилиш, мониторинг қилиш ва даволаш учун фойдали манба бўлиб хизмат қилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги

Поделиться