Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари Ко Кю Чанг бошчилигидаги делегацияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюрди.
Ташриф чоғида хорижий меҳмонлар университетда талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, иқтидорли талабалар томонидан ихтиро қилинган стартапларнинг тақдимотлари ўтказилди.
Ташриф доирасида Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари Ко Кю Чанг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтган “Рақамли ҳукумат” мавзусидаги семинарда ҳам иштирок этишди. Семинарда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро индекслар кўрсаткичлари асосида мамлакатларнинг электрон ҳукумат ривожланишини баҳолаш методологияси, электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича халқаро тажриба ва Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантиришда мавжуд долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Кореялик экспертлар иштирокида Ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш бўйича Комплекс дастур ишлаб чиқилиб, ўз ичига республиканинг телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва инфратузилмани ривожлантириш, инфотизим ва маълумотлар базасини яратиш тадбирларини қамраб олади.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталини яратишда ҳам кореялик шериклар катта ҳисса қўшган. Улар кўмаги билан “Електрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилган ва қабул қилинган.
Электрон ҳукумат соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2020 йил октабр ойида Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон-Корея экспертлар гуруҳи ташкил этилди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон-Корея экспертлар гуруҳи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг маслаҳатчиси, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон-Корея экспертлар гуруҳи раҳбари Коҳ Таек Жин бошчилигида Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Хорижий меҳмонлар таъкидлаганидек, жамиятнинг рақамли трансформация жараёнларида, фуқароларга қулайлик яратиш борасида электрон ҳукуматни ривожлантириш масалалари муҳим ўрин тутади. Мазкур вазифаларни амалга оширишда илғор халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда юқори малакали IT кадрларни тайёрлаш муҳим саналади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги