Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистон илмий салоҳияти кучаймоқда
2022-02-16 | Жамият
2019-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикасидан 27 нафар ёш олим етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборилган.
Мазкур мақсадлар учун 491,9 млн. сўм маблағ молиялаштирилган. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг 6 нафар ходими 2019 йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Қурғоқчилик шароитида биодеҳқончилик халқаро марказига (ICBA) стажировкага юборилган.
Стажировка натижасида олинган билим ва кўникмалардан фойдаланган ҳолда ҳозирда ёш олимлар Оролбўйи халқаро инновация маркази лабораториясида мавжуд PNT 3000 COMBI+, LAQUAtwin, ECO EC, ECO pH ўлчаш воситаларидан фойдаланиб, Мўйноқ ва Нукус туманларида мавжуд тажриба-синов майдонларида қатор тадқиқот ишлари амалаг оширмоқда. Шўрланган ерларда экинларни суғоришда сувнинг туз балансини аниқлаш бўйича, туя тикан, ширин қизилмия каби ёввойи ўсимликларни маданийлаштириш, «Саманбай» тажриба синов майдонида ICBA лойиҳаси доирасида турли мамлакатлардан келтирилган киноа, амарант, буфел ўти, кўк тариқ, донли жўхори намуналари синовдан ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг 22 нафар ёш олимлари саралаш танловлардан ғолиб деб топилиб, уларни 2022 йилда Россия, Беларус, Япония каби давлатларга илмий стажировкага юбориш режалаштирилган.
2020-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги илмий тадқиқот институтларига 3 турдаги умумий қийматда 396,0 минг АҚШ долларлик замонавий илмий лаборатория асбоб-ускуналари хариди амалга оширилди. Қорақалпоғистон табиий фанлар илмий тадқиқот институтига 75,0 минг АҚШ долларлик «Рентгенофлуорессент энергодисперцион спектрометр» ускунасини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимига хариди кўзда тутилган 247,0 минг АҚШ долларлик «Рентген дифрактометри» ва 74,0 минг АҚШ долларлик «Юқори самарали суюқлик хроматограф»ускуналарини етказиб бериш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда илмий-тажриба участкаси ва экофизиологик тадқиқотлар лабораторияси фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида «Экофизиологик тадқиқотлар лабораторияси»ни жиҳозлаш юзасидан 5 турдаги 200 512,0 АҚШ долларлик илмий лаборатория асбоб-ускуналар харид қилиниши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда, мазкур илмий лаборатория асбоб-ускуналар рўйхати маъқулланган ва харид қилиш ишлари ташкил этилмоқда.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунга қадар илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасида умумий молиялаштириш ҳажми 11,9 млрд сўм бўлган 10 та илмий лойиҳа молиялаштирилган. Шундан 10,6 млрд сўмлик 9 та амалий ва 1,1 млрд. сўмлик 1 та инновацион лойиҳа бажарилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги