Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тиббиёт соҳасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
2022-02-15 | Соғлиқни сақлаш
Соғлиқни сақлаш вазирлигида Германия Федератив Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари нафақат сиёсий-иқтисодий ва маданий-маърифий соҳалар, балки тиббиёт йўналишида ҳам муваффақиятли ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Хусусан, Германия мамлакатимизга пандемия оқибатларини енгиб ўтишда катта амалий ёрдам кўрсатди. Ушбу давлат кўмаги билан COVAX дастури доирасида юртимизга AstraZeneca вакцинаси етказиб берилди.
Бундан ташқари, 160 минг евро миқдорида инсонпарварлик ёрдами, замонавий ПЗР лабораториялари, диагностика жиҳозлари, COVID-19дан ҳимояланиш воситалари ҳам тақдим этилди. Айниқса, коронавирусга қарши курашда юқори самара берувчи 10 минг доза сунъий “антитаначалар коктейли” препарати юборилгани хасталикларни даволашда катта натижа берди.
Европанинг юқумли касалликларни ўрганиш соҳасидаги нуфузли илмий-тадқиқот муассасаси — Роберт Кох институти ва машҳур “Шарите” клиникаси мутахассислари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиши ҳам тиббиёт соҳасидаги алоқаларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.
“Heinemann Medizintechnik”, “Karl Storz”, “Greiner” ва “KfW Bank Group” компаниялари иштирокида Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати қарийб 2 млн. еврога тенг “Германия —Ўзбекистон тиббий консултатив-диагностика маркази” ташкил этилиши ҳамда бу ерда немис шифокорлари томонидан операциялар ўтказилиши эса Оролбўйи минтақаси аҳолиси учун қўшимча имконият яратяпти.
Шу билан бирга, “Friedensdorf International” халқаро хайрия ташкилоти кўмагида уюштирилаётган инсонпарварлик акцияси доирасида ўзбекистонлик бемор болалар Германияга даволаниш учун юборилмоқда. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан биргаликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳам катта самара бермоқда.
Қолаверса, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилишга доир қатор лойиҳалар Германия тараққиёт банки (KfW) томонидан молиявий қўллаб-қувватланяпти. Жумладан, юртимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишида 27 миллион евро миқдоридаги грант ажратилган. Унинг доирасида республика ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, мутахассислар малакаси оширилди.
Силга қарши кураш соҳасига ажратилган 3 миллион евро миқдоридаги грант асосида эса шу йўналишдаги шифо масканлари замонавий диагностика ускуналари ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди.
KfW банкининг 34,5 млн. евролик навбатдаги лойиҳаси вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш ва фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилган лойиҳага кўра, бу ерга МСКТ, ангиограф, рентгеноскопик ускуналар, ИВЛ қурилмалари ўрнатилди.
2022-2025 йилларга мўлжалланган 13,5 миллион евро миқдоридаги яна бир лойиҳа Термиз шаҳрида тиббий таълим ва малака ошириш дастурларини модернизация қилишни кўзда тутади. Унинг доирасида Термиз шаҳридаги тиббиёт коллежи зарур жиҳозлар, жумладан, 200 нафар ўрта тиббиёт ходимини ўқитиш имконини берувчи симуляция воситалари билан таъминланади.
Учрашувда ахборот-коммуникация соҳасида дунёда алоҳида нуфузга эга немис компанияси — SAP билан ҳамкорликда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга қаратилган йирик лойиҳани амалга оширишга доир режалар муҳокама этилди.
Шу билан бирга, мулоқот давомида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан Германиянинг етакчи клиникалари ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш ва бу орқали бемор ўғил-қизларда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, кадрлар тайёрлаш, тиббиёт ходимларининг ушбу мамлакатда малака оширишини таъминлаш каби қатор масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги