Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Юртимизда 25 минг гeктар мeвали боғ ва 50 минг гeктар токзор плантацияси барпо этилади

2022-02-14 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги "Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Бундан мақсад  республикамизда мева-сабзавотчилик соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, хизмат кўрсатиш ва сотиш (экспорт қилиш) жараёнларини ўзаро интеграция қилиш, кластерлар (кооперация) фаолиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмини оширишдир.

Мазкур қарорга асосан:

- фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга — мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилади;

- мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга — етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойлик "револьвер" кредит ажратилади. Бунда ушбу кредит ҳисобидан кластер ва кооперацияларнинг тижорат банкларидан олинган бошқа кредитларини сўндиришга йўл қўйилмайди.

Ушбу тадбирларни молиялаштириш учун Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан жамғармага 2 трлн. сўм бюджет ссудаси ажратилади.

ЯНГИ МEВАЛИ БОҒ ВА ТОКЗОРЛАР...

Ўтган қисқа вақт мобайнида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан мазкур ҳужжат юзасидан амалга оширилаётган ишлар талайгина. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда "кластер-фермер-тижорат банки" тизимида уч томонлама шартнома лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Республикада 2022 йил учун 25 минг гектар янги мевали боғ ва 50 минг гектар токзорлар плантацияларини барпо қилиш бўйича лойиҳалар шакллантирилиб, 549 гектар боғ-токзорлар барпо этилди. Шунингдек, 13,2 минг гектар майдон кўчат экишга тайёрланди. Сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларнинг талаблари ўрганилиб, 100 млн. дона экспортбоп сабзавот-полиз кўчатлари иссиқхоналарда етиштирилмоқда.

ПЛЁНКА ОСТИГА УРУҒЛИК КАРТОШКА ЭКИШ ИШЛАРИ БОШЛАНДИ

Сурхондарё ва Тошкент вилоятларига плёнка остига уруғлик картошка экиш ишлари бошланди. Бугунги кунга қадар 199 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари билан 26 600 тонна уруғлик картошкалар учун 173,4 млрд. сўмлик бўйича
197 та фермер хўжаликлари билан 2 млн. 700 минг дона сабзавот кўчатларини етиштириб бериш учун 2,5 млрд. сўмлик шартномалар тузилди.

250 НАФАР КОНСУЛЬТАНТ-ТРEНEРЛАР ТАЙЁРЛАНДИ: УЛАР МУТАХАССИЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРАДИ

Мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш мақсадида Тошкент давлат аграр университетида 2022 йил 10-15 январь кунлари бўлиб ўтган амалий семинарда мева-сабзавотчилик кластерларга ўзига бириктирилган маҳсулот етиштирувчилар учун боғ ва токзорларни барпо этиш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш бўйича семинар-тренинглар ўтказишга кўмаклашувчи 250 нафар консультант-тренерлари тайёрланди.

159 ТА ТАЛАБГОРЛАРДАН 64 ТА ИСТИҚБОЛЛИ ДEБ ТОПИЛГАН

ЛОЙИҲАЛАР АНИҚЛАНДИ

Жорий йилнинг 22-28 январь кунлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Агентлик иштирокида янги мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш бўйича ҳудудлардан 159 та талабгорлардан 64 та истиқболли деб топилган лойиҳалар аниқланди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, Андижонда 4 та, Бухорода 5 та, Жиззахда 4 та, Қашқадарёда 15 та, Навоийда 2 та, Наманганда 4 та, Самарқандда 2 та, Сурхондарёда 3 та, Тошкентда 9 та, Фарғонада 4 та ҳамда Хоразмда 8 та ташаббускорлар кластер ташкил этиш истагини билдирган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш, қуритиш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича республикадаги 132 та корхонанинг рўйхати шакллантирилди. Шундан 89 та қуритиш ва қайта ишлаш корхоналари (йиллик ишлаб чиқариш қуввати 546 минг тонна) саралаб олинди.

ОЛТИНСОЙДА 50 ГEКТАР МАЙДОНГА ЗАЙТУН КЎЧАТЛАРИ 

ЭКИШ ИШЛАРИ ЯКУНЛАНДИ

Президент Ш.Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириғига асосан 500 гектар майдонда зайтун плантацияларини барпо этилиши белгиланган бўлиб, Олтинсой туманида дастлабки босқичда 50 гектар томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинган майдонга Туркия давлатидан олиб келинган 66 минг дона зайтун кўчатлари экиш ишлари якунланди.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан "Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мева-сабзавотчилик соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш,қайта ишлаш, сақлаш, экспорт қилишни интеграция қилиш, экспорт ҳажмини ошириш" мавзуига бағишланган матбуот анжуманида юқорида қайд этилган маълумотларга алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосарлари Х.Қорабоев, Ж.Усмонов, Ахборот хизмати раҳбари Нигора Хўжаева, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги мутасадди вакиллари соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот беришди

Манба: ЎзА

Поделиться