Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иннновацион ривожланиш вазирининг Тошкент вилоятига ташрифи
2022-02-14 | Жамият
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент вилоятига хизмат сафари билан ташриф буюрди. Россия Федерацияси Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСИС»нинг Олмалиқ шаҳридаги филиалида бўлиб, олимлар, педагог-ўқитувчилар, талабалар билан учрашди.
И. Абдураҳмонов Республикамизнинг саноат тармоғи учун муҳим илмий-технологик вазифаларни ҳал қилишга қодир юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлашга қаратилган мазкур олий таълим муассасасида металлургия, кончилик иши ва саноат ишлаб чиқаришнинг бошқа тармоқларида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларини йиғилганлар билан муҳокама қилди. Тадбир иштирокчиларининг бу борадаги таклиф ва саволларига жавоб берди.
Шунингдек, вазир таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш-саноат фаолияти билан узвий интеграцияси учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларига урғу берди.
Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Иброҳим Абдураҳмонов Оҳангарон инновацион ҳудудида амалга оширилган ишлар билан ҳами танишди Бугунги кунда Оҳангарон инновацион ҳудудида жами 7.6 млрд. сўмлик 10 та лойиҳа амалга оширилмоқда, шу жумладан: 2,6 млрд. сўмлик 5 та тижоратлаштириш, 5 млрд. сўмлик 5 та стартап лойиҳалари. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида туманда жами 70 нафар янги иш ўрни яратилди.
Ўз навбатида, Тошкент вилоятида жами 110 млрд. сўмлик 71 та илмий лойиҳа амалга оширилмоқда, шу жумладан: 14,9 млрд. сўмлик 4 та фундаментал, 82,1 млрд. сўмлик 54 та амалий, 8,9 млрд. сўмлик 8 та инновацион, 4,3 млрд. сўмлик 5 та халқаро лойиҳалар.
Илмий ишланмаларни жорий этиш бўйича жами 17,2 млрд. сўмлик 23 та лойиҳа амалга оширилмоқда, шу жумладан: 10,8 млрд. сўмлик 15 та тижоратлаштириш, 6,4 млрд. сўмлик 8 та стартап лойиҳалари. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида жами 160 нафар янги иш ўрни яратилди.
Инновацион ривожланиш вазирининг Тошкент вилоятига ташрифининг навбатдаги манзили Оҳангарон шаҳридаги Ёшлар технопаркида бўлди.
Мазкур Ёшлар технопарки ўқувчи ва талабаларнинг, касб ўрганаётган ёшларимизнинг техник йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ёшларнинг муҳандислик соҳасига қизиқишини ошириш, бор билимларини мустаҳкамлаш ва амалиётга жорий этиш мақсадида технопаркда чет тилларига ўқитиш, компьютер саводхонлиги ва 3D моделлаштириш курслари ташкил этилган.
Ҳудудларда ташкил этилаётган Ёшлар технопаркининг асосий мақсади ёшларни интеллектуал, илмий, ижодий салоҳиятини ошириш, ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш, уларни замонавий касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда бандлигини таъминлаш ҳисобланади
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги