Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан учрашув
2022 йилнинг 10 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Элчи Пер фон Арксни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва ЙХҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Режалаштирилган тадбирлар, жумладан, 2022 йил 3-4 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегияси биргаликда амалга оширилишининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўйича фикр алмашилди. Мазкур анжуман ЙХҲТ ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан биргаликда ташкиллаштирилмоқда.
Ўзбекистон ва ЙХҲТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган лойиҳаларни амалга оширишда томонлар ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқлади.
ЙХҲТ Бош котиби Ҳелга Шмиднинг жорий йил март ойида Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда минтақавий ва халқаро кун тартибининг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги