Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Латвия ишбилармон доираларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари
2022-02-10 | Иқтисодиёт
Тошкент шаҳрида Латвия Республикаси ҳукумати ва ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи давомида Ўзбекистон-Латвия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Латвия ва Ўзбекистон ишбилармон доираларининг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. Шунингдек, унда Ўзбекистон томонидан қатор вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари қатнашди.
Форумнинг очилиш маросимида делегациялар раҳбарлари - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Латвия Республикаси ташқи ишлар вазири Э.Ринкевичс сўзга чиқди.
Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари истиқболли тармоқларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини оширишни назарда тутган ҳолда Латвия ва Ўзбекистон тадбиркорлари ва инвесторларини амалий ҳамкорликка жалб этиш учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда икки мамлакат ҳамкорлигини фаоллаштиришга содиқлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон хусусий секторнинг мамлакат иқтисодиётидаги ролини оширишга катта эътибор қаратаётгани, шу муносабат билан инвестициявий иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесга солиқ юкини камайтириш, хусусий мулк ва чет эл капиталини ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг жадал ва мутаносиб ривожланишини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз ҳар бир ҳудудининг туман ва шаҳарларида ишга солинмаган янги иқтисодий захираларни аниқлаш бўйича амалий чора-тадбирлар фаол ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётгани таъкидланди.
Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ишбилармонлик ҳамкорлигини йўлга қўйишнинг устувор йўналишлари санаб ўтилди. Улар орасида тўқимачилик ва электротехника саноати, фармацевтика, биотиббиёт, IT йўналиши ва бошқа соҳалар мавжуд. Тегишли вазирликлар ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ўз тақдимотларида ҳар бир соҳанинг инвестициявий, саноат ва савдо салоҳиятини батафсил очиб бердилар, шунингдек хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва хорижий капитал иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг мавжуд механизмлари ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, форум иштирокчиларига латвиялик инвесторлар ва тадбиркорлар билан келгусида рўёбга чиқариш учун манзилли тарзда ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳавий таклифлар тақдим этилди.
Тадбир якунида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ишбилармон доираларни икки томонлама иқтисодий шерикликнинг янги "ўсиш нуқталари" устида биргаликда фаол иш олиб боришга ва конструктив мулоқот ўрнатишга чақирди.
Форум якунлари бўйича Ўзбекистон-Латвия Ишбилармонлар кенгаши иккинчи йиғилишининг Баённомаси ҳамда “IT-Park” (Ўзбекистон) ва Латвиянинг “ShipleArt” компанияси ўртасида Ўзбекистонда стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун молиялаштиришни жалб қилишни назарда тутувчи Ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацияларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги