Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳокимликда Покистоннинг Панжоб провинцияси делегацияси қабул қилинди
2022-02-09 | Иқтисодиёт
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Покистон Ислом Республикасининг Панжоб провинцияси губернатори Чоудри Муҳаммад Сарвар бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Делегация таркибида йирик компания ва нуфузли олий ўқув юртлари раҳбарлари бўлиб, хусусан, “Fatima Group of Industries” компанияси бош директори Фавад Мухтар, “Lake City Holdings” компанияси асосчиси Гохар Иджаз, “Orient Group of Industries” компанияси бош директори Миан Талат, “Ghani Glass Float” компанияси бош директори Анваар А Гани, Лаҳор университети раиси Авайс Рауф шулар жумласидандир.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Бош вазири Имрон Хон билан учрашувидан кейин алоқалар мустаҳкамланиб бораётганлигини, шунингдек, давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрда мамлакат парламентига йўллаган Мурожаатномасида асосий хорижий шериклардан ҳисобланган Покистон билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтирилишини алоҳида қайд этганини таъкидлади.
Ўз навбатида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ўзининг ижобий самарасини бераётганлигини эътироф этиб, бугунги кунда Тошкентда 100 дан зиёд покистонлик тадбиркор фаолият кўрсатаётганлиги ҳам алоқаларимиз маҳсули эканлигини айтди. Шу билан бирга бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари даврида бунёд этилган архитектура ёдгорликларига халқимизнинг қизиқиши катталигини мамнуният билан қайд этди.
Ж. Ортиқхўжаев Панжоб провинциясининг иқтисодий имкониятларига юқори баҳо бериб, барча соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, хусусан, электроника, IT, туризм, тўқимачилик, тадбиркорлик, замонавий таълим дастурлари, Бобур даврида қурилган архитектура ёдгорликларини ўрганиш юзасидан икки давлат мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Лаҳор шаҳри Бобурийлар салтанатининг биринчи пойтахти бўлган даврда Панжоб бирмунча юксалган. Бугун Панжобнинг кўпгина ҳудудларида Бобур ва унинг авлодлари даврида бунёд этилган маданий ва архитектура ёдгорликларини кўриш мумкин.
Панжоб саноати ривожланган йирик провинция ҳисобланиб, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар бўйича мамлакат миллий ялпи ички маҳсулотининг 59 фоизга яқини мазкур ҳудуд улушига тўғри келади. Шунингдек, Панжобда оғир техника, спорт, электр, жарроҳлик буюмлари, транспорт воситалари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, металл, шакар, самолётлар, цемент, қишлоқ хўжалик техникалари, велосипедлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланади.
Чоудри Муҳаммад Сарвар давлатларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганлигидан мамнунлигини, Тошкент шаҳрининг иқтисодий имкониятларини алоҳида қайд этиб, барча соҳаларда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.
Келгусида Лаҳор университетига ўзбекистонлик 30 нафар талабага стипендия белгиланиши, жорий йилнинг май ойида Панжобнинг етакчи 100 компанияси раҳбарларини Ўзбекистонга бизнес имкониятларини кенгайтиришни кўриб чиқиш учун юборишини билдирди. Шунингдек, Бобурийлар даврида бунёд этилган архитектура ёдгорликлари бўйича тажриба алмашиш мақсадида малакали меъморларни юбориш тўғрисидаги таклиф мамнуният билан қабул қилинди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги