“Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида инкубация ва акселерация маркази иш бошлади. Мазкур марказ талаба ёшларнинг «startup»лари ва илмий ишланмаларини амалиётга жорий этиш ҳамда иқтидорли талабаларни истеъдодларини юзага чиқариш мақсадида ташкил этилган.
Инкубация дастури истиқболли ғояларга эга бўлган стартап лойиҳаларини ўқув дастурлари ва мутахассис тавсиялари орқали қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Акселерация дастури эса тўлиқ маҳсулотни шакллантириш учун ишлаб чиқилиши керак бўлган прототип эгалари учун мўлжалланган.
ИТ Парк – бу ИТ-компаниялари учун истиқболли бошланғич лойиҳаларни, ташқи иқтисодий зонани, шу жумладан илмий ва таълим ташкилотлари билан интеграциялашган ҳолда ишга тушириш ва бозорга чиқаришни таъминлаш учун мўлжалланган обектлар, бино ва иншоотлар мажмуаси. ИТ соҳасида фаол ва иқтидорли мутахассислар бухгалтерия ҳисоби, юридик, маркетинг ва таълим йўналишлари орқали ўз ғояларини ҳақиқий бизнес лойиҳаларига айлантириш имкониятига эга бўлади.
Ушбу Меморандум доирасида томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни амалга ошириши белгиланган:
- томонлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
- донорлар, грантлар ва бошқаларни жалб қилган ҳолда ҳамда стартап-экотизимини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
- алоҳида дастурлар бўйича ўқитувчи ва мураббийлар ҳамда талабалар учун семинар-тренинглар ташкил этиш;
- ўзаро келишув асосида бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш.
Марказнинг очилиш маросимига Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳаси вакиллари, ИТ Парк Самарқанд филиали мутахассислари ҳамда “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг профессор ўқитувчилари ва талабалари қатнашишди. Ушбу марказ энг сўнгги русумдаги 8 та компютер жамланмаси ва дастурий таʼминот воситалари, мултимедиа жиҳозлари билан таъминланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги