Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров Испаниянинг “Gedepsa” промоутерлик-консалтинг компанияси бош директори Алехандро Молеропо билан учрашиб, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, юқори қўшимча қийматга эга бўлган мис маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, “АГМК” АЖ саноат корхоналари учун сув тозалаш иншоотларини қуриш масаласини муҳокама қилди.
Алехандро Молеропо юқоридаги йўналишлар бўйича инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади ва ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.
“Биз ҳар бир томчи сувни ўйлашимиз керак, – деди компания бош директори ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг саноат тармоғини ривожлантириш бўйича ҳамкорликка тайёрлиги ҳақида ҳам иштирокчиларга маълумот берди.
Меҳмонларга сўнгги 5 йилда мамлакатимизда мис ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баробар ошиб, 2020 йилда 148 минг тоннага етгани ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти яқин 5 йилда мис ишлаб чиқаришни 400 минг тоннагача кенгайтириш бўйича вазифаси қўйилганлиги, бу эса мамлакатимиз даромадини 7-8 миллиард долларгача ошишига олиб келиши бўйича ахборот берилди.
Шунингдек, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, “АГМК” АЖ мис кластери, сув таъминоти ва мис қазиб олиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ушбу соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги