Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
2022-02-08 | Маданият
Инновацион ривожланиш вазирлигида халқимизнинг суюкли ўғлонлари, буюк мутафаккирлар, давлат арбоблари бўлган шеърият мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий бобомиз таваллудининг 581 йиллиги ва Навоийдан кейинги шоир деб тан олинган Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз таваллудининг 539 йиллиги арафасида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали Абдуқундузов иштирок этиб, йиғилганларга Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодлари ҳақида маълумотлар берди, уларнинг ижодларидан мисоллар келтирди, саҳна асарларидан парчалар ўқиб берди. тадбирга модераторлик қилган Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий ва инновацион фаолиятга оид дастурларни шакллантириш ва мониторинг қилиш бошқармаси бош мутахассиси, филология фанлари номзоди Шаҳноза Эргашева икки буюк шоирнинг ўзбек ва жаҳон адабиётидаги ўрни, туркий тилларнинг ривожланишига қўшган ҳиссаси ҳақида ўз фикрлари билдирди.
Беш асрдан бери буюк шоир Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий мероси бутун дунёни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат ва меҳр-мурувват нурини таратмоқда, бутун дунё ҳамжамияти ва олимлари нигоҳини ўзига жалб қилиб келмоқда.
Ғазал ва шеърият султони, тасаввуф илмининг заргари Алишер Навоий ва ҳам шоир, ҳам саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур... Бундай даҳолар бадиий ижодда, илмда, давлат бошқаруви ва ҳарбий санъатда обрў қозониши фақатгина бу йўналишларда эмас, балки миллат, халқаро ҳамжамиятнинг маънавий тафаккуридаги юксалишларга хизмат қилади. Бундай фарзандларнинг ноёб истеъдоди, қолдирган бой мероси миллат нуфузи буюклигини сақлашга, номини кўкларга кўтаришга хизмат қилади.
Тадбирни тўлиқ кўринг. https://www.youtube.com/watch?v=SV-yMeK-j2A
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги