Сурхондарё вилоятида туристик обектлар кузатуви тизимларини интеграция қилишга бағишланган семинар ташкил этилди. Унда Сурхондарё вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси, вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таʼминлаш ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармалари, шунингдек воҳадаги туристик обектлар, турфирмалар, меҳмонхоналар, такси хизмати кўрсатиш уюшмалари мутасадди ходимлари қатнашди.
Пандемия даврида туристлар хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирда воҳанинг бой туристик имкониятлари ҳақида фикр алмашилди. Шунингдек, меҳмонхона ва туристик объектларни белгиланган тартиб асосида замонавий ускуналар билан жиҳозлаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Бугунги кунда вилоятда 101 туристик объект мавжуд бўлиб, улардан 49 меҳмонхона, 141 оилавий меҳмон уйи, 9 хостел фаолият юритмоқда. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга жами 40 туристик фирма хизмат кўрсатиб келмоқда.
Айни пайтда вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси учун янги бино барпо этилмоқда. Замонавий бино фойдаланишга топширилгач, «call-markaz» ташкил этилиб, туристик объектлар кузатуви интеграция қилинади.
Тадбирда сайёҳларни меҳмонхонага жойлаштириш,транспорт хизмати кўрсатишга доир фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги