Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Хитой етакчилари ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этдилар
2022-02-05 | Сиёсат
5 февраль куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди.
Икки мамлакат етакчиларининг расмий учрашуви Хитой пойтахтидаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши уйида бўлиб ўтди.
Музокаралар аввалида Раис Си Цзиньпин давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, унга қишки Олимпиаданинг очилиш маросимида шахсан иштирок этгани учун чин дилдан миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Президенти, ўз навбатида, таклиф ва самимий қабул учун ташаккур билдириб, дўст Хитой раҳбарияти ва халқини Олимпия ўйинларининг очилиши жуда юксак савияда ўтгани билан табриклади, бу маросим бугунги Хитойнинг улкан муваффақият ва ютуқларини намойиш этганини таъкидлади.
Етакчилар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан батафсил фикр алмашдилар.
Яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаат принципларига асосланган давлатлараро муносабатлар бугун юксак даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама алоқаларнинг фаоллашишига хизмат қилди.
Товар айирбошлаш 2021 йил якунига кўра рекорд кўрсаткичга етди. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган жами инвестициялар ҳажми 9 миллиард долларни ташкил этди.
Хитойнинг етакчи компания ва банклари иштирокида саноат, кимё тармоғи, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа устувор йўналишларда юқори технологик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Яшил” иқтисодиёт, сунъий интеллект, рақамлаштириш ва электрон савдо соҳаларидаги ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ипак йўли” жамғармаси билан узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича амалий шерикликнинг стратегик лойиҳаларини илгари суришга қаратилган янги “йўл харитаси” шакллантирилмоқда. Молиявий-техник кўмак дастури кенгайтирилмоқда.
Учрашувда ушбу ташриф доирасида имзоланган беш йиллик Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастурини кенг кўламда амалга ошириш муҳим экани қайд этилди.
Мутаносиб товар айирбошлашга эришиш, фаол ҳудудлараро алмашинувларни қайта тиклаш ва самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича биргаликда чора кўришга алоҳида эътибор қаратилди.
Камбағалликка ва коррупцияга қарши курашиш борасида Хитой тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.
Соғлиқни сақлаш, анъанавий тиббиёт, туризм, таълим, маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорлик дастурини кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Муҳим иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни илгари суриш мақсадида қўшма Хукуматлараро қўмита ва унинг соҳалар бўйича кичик қўмиталарининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш масалалари келишиб олинди.
Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Афғонистонда тез фурсатда тинчлик ўрнатилишига ва иқтисодий тикланишга кўмаклашиш масаласи кўриб чиқилди.
Раис Си Цзиньпин Ўзбекистоннинг жорий йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раиси сифатидаги фаолиятини қўллаб-қувватлади.
Якунда Президент Шавкат Мирзиёев Хитой етакчиси ва халқини ой тақвими бўйича кириб келган Янги йил билан табриклади ва қишки Олимпиада муваффақиятли ўтишини тилади.
Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг учрашуви очиқ, самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти