Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ИТСВ раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитаси йиғилишида иштирок этди
2022-02-04 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамасининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари комплекси раҳбарияти, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги йигирма учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар, жумладан, “Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги, “МДҲ иштирокчи-давлатларининг сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар лойиҳалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги масаласи муҳокама этилди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг ижроси якунларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди. Амалга оширилган ишлар кўлами, жумладан, инвестицияларни жалб қилиш ва ташқи савдони ривожлантириш, дастурда белгиланган мақсадли параметрлардан ошган ҳолда эришилган бир қатор кўрсаткичлар қайд этилди. Экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, жорий йилда режалаштирилган инвестиция лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида юқори иш суръатларини сақлаб қолиш муҳимлиги таъкидланди.
“МДҲ иштирокчи-давлатларининг сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлар билан товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш, шунингдек, бундай товарларни МДҲ мамлакатлари давлат чегаралари орқали олиб ўтишнинг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш бўйича халқаро ҳамкорлик қилиш учун шароит яратишнинг долзарблиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясини тузишни кўриб чиқиш асносида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил декабрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифининг аҳамияти қайд этилди. Ташриф давомида иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, энергетика, автомобилсозлик, маданият соҳаларида ютуқлар ва кенг кўламли келишувларга эришилгани, шунингдек, уларни амалга ошириш бўйича Ҳукумат ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг келишилган ҳолда ишлаши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, унда муҳокама этилган масалалар ва қонун лойиҳалари ижроси юзасидан вазирлик ва идораларга аниқ вазифа ва тавсиялар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги