Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вилоятда кўп тармоқли тиббиёт кластери ташкил этилмоқда: у аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишда қандай имкониятлар яратади
2022-02-04 | Жамият
Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент вилояти ҳокими ҳузурида аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, юқори технологик операциялар ва замонавий даволаш усулларини жорий этиш, хизматлар сифатини ошириш борасида амалга ошириш режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ва соҳа мутахассисларига бу борада атрофлича маълумот берди. Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятнинг географик тузилишидан келиб чиққан холда, тарқоқ жойлашган тиббиёт муассасаларини марказлаштириш, замонавий кўп тармоқли кластер типидаги вилоят тиббиёт кластерини барпо этиш муҳимдир.
Бу жараёнда асосий эътибор талаб кўп бўлаётган йўналишларни туманлараро даражага тушириб, хизматларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида кичик тиббиёт кластерларини қуриш ва фаолиятини ташкил этиш зарур бўлади. Хусусан, ҳудуд маркази бўлган Нурафшон шаҳрида 1 минг 200 ўрин замонавий тиббиёт муассасаси бунёд этилади. Бу ерда Нурафшон, Бекобод шаҳарлари ва Ўрта Чирчиқ, Бўка, Бекобод, Оққўрғон туманларининг 692 минг 589 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатилади. Туман-шаҳарлар географик тарқоқ жойлашганлигини инобатга олиб, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарлари тиббиёт бирлашмаси таркибида туманлараро кичик тиббиёт кластерлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, даволаш-профилактика муассасаларини моддий техник базасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан ссуда ва хорижий грант маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва тиббий асбоб-ускуналар олиб келиш кўзда тутиляпти. Бугунги кунда вилоятда тиббиёт ходимлари учун 1182,25 вакант ўрни мавжуд бўлиб, 615 нафар тор мутахассисга эҳтиёж сезиляпти. Эндиликда бу ўринларни тўлдириш мақсадида тиббиёт олийгоҳлари битирувчиларини амалиётга жалб қилиш, уларга зарур шароит яратиш лозим бўлади.
Тақдимот давомида бу каби кластерлар яратилиши Тошкент вилояти ҳудудларида тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Зойир Мирзаев мазкур лойиҳалар бўйича босқичма-босқич амалга ошириладиган ишлар, энг биринчи қадамлар нималардан иборат бўлиши лозимлиги юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этди ва мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.
Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги