Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Еттита ҳудудда тиббиёт кластерлари ташкил этилади
2022-02-02 | Жамият
Аҳоли саломатлигини асраш, ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш жамият барқарор ривожланишида муҳим аҳамиятга эга кўрсаткичлардан бири саналади.
Кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, халқчил ҳужжат сифатида қабул қилинган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонида ҳам соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича бир қатор мақсадлар белгилаб берилди.
Хусусан, мамлакатимиз тараққиётини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган 100 та мақсаднинг бир қанчаси айнан тиббиёт соҳасида амалга оширилишга қаратилган мақсадлар эканлиги кишини қувонтиради.
Кўрсатилаётган тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш ва қулайлигини ошириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, тиббий хизматларни марказлаштириш ва аҳолини тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш, дори-дармон ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш каби 12 та мақсад белгиланган.
Энг муҳими, дунё тиббиёт тизимида ўзини оқлаган яна бир йўналиш аҳолини тиббий суғурталаш тизими босқичма-босқич жорий қилинади. Бу эса фуқароларимизга кафолатли тиббий хизмат билан таъминланиш имкониятини кенгайтиради.
Соҳани рақамлаштириш жараёнининг якунланиши натижасида фуқароларимизга мамлакатимизнинг исталган ҳудудидан малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти яратилади. Яъни фуқаро учун очилган электрон карта орқали исталган ҳудудда тиббиёт ходими фуқаро касаллик тарихи билан танишиб унга даволаниш муолажаларни қўллаш имкониятини яратилади. Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларига бориб навбатда турмасдан электрон шаклда маслаҳат олиш имконияти ҳам кенгаяди.
Бугун кўплаб соҳалар ривожига кластерлар тизимининг жорий этилиши ҳам ўз самарасини бермоқда. Шу боисдан, 2022-2026 йилларда Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерлари ва республика миқёсида тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш бўйича алоҳида корхона ва унинг 13 та ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.
Айни кунда аҳолимизнинг сифатли ва арзон нархдаги дори-дармон воситаларига бўлган талаби ҳар қачонгиданда ортиб бормоқда. Шу боисдан, тараққиёт стратегиясида ушбу соҳани ҳам ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланган.
Жумладан, 58-мақсадни ҳаётга татбиқ этиш орқали, дори-дармон тизимида электрон рецепт тизимини такомиллаштириш ва кенг жорий этиш ҳамда нархларга риоя этилишини онлайн кузатишнинг ахборот тизимини яратиш, дори-дармон ва тиббий буюмларни аҳоли учун етказиб бериш тизимини олис ҳудудлар ва маҳаллалар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий механизмлар асосида такомиллаштириш белгиланган. Албатта, бу жараёнда энг катта эътибор ишлаб чиқариладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини маҳаллийлаштириш, 2026 йил якунига келиб бу кўрсаткични 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Соҳанинг яна бир йўналиши, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш ҳам устувор вазифа саналади. 2022-2026 йилларда46 та туманлараро перинатал марказлари ташкил этилиб, уларни кадрлар, зарур тиббий техника ва буюмлар билан таъминлаш,юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Ўз навбатида соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиришнинг энг асосий ўлчовларидан бири бўлган хусусий секторнинг улушини 25 фоизга етказилади. Бунда, тиббий фаолиятни юритишда бино ва иншоотларнинг ертўла қисмидан фойдаланиш, шунингдек, лаборатория ва диагностика бўлимлари фаолиятига қўйилган талабларни енгиллаштирган ҳолда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, белгиланган техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатлари қайта кўриб чиқилади.
Ҳар қандай соҳа эгаси ўз меҳнатига яраша муносиб рағбатлантирилса, унинг келгуси фаолиятидаги иш самарадорлиги ва сифати ортади. Шу боисдан келгуси беш йилликда малакали шифокорларнинг ойлик маошлари босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш, тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда кўрсатиладиган тиббий хизмат тури ва мураккаблиги, шунингдек эришилган натижага кўра ўзгаришини назарда тутувчи тизим яратиш мақсад қилинган.
Манба: ЎзА