Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Навоий вилоятида истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантиришнинг янги тизими муваффақиятли жорий этилмоқда
2022-01-31 | Иқтисодиёт
Навоий шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Навоий вилояти туман ва шаҳарларнинг маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Кун тартибига инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантиришнинг янги тизимини жорий этишнинг амалий жиҳатлари қўйилди.
Учрашув иштирокчилари инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, лойиҳаларни бошқариш, тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, фойдаланишга топширилган ишлаб чиқариш объектларнинг мониторингини олиб боришнинг янги механизмларини, шунингдек, инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларини амалий қўллаб-қувватлаш жараёнида вазирлик ва идораларни мувофиқлаштириш билан боғлиқ кенг кўламли масалаларни атрофлича муҳокама қилди.
Вилоятда ташкил этилган ҳамда вазифалари вилоятнинг ишга солинмаган иқтисодий салоҳиятини таҳлил қилиш, туман ва шаҳарларни ривожлантириш стратегияси ва концепцияларини шакллантириш, шунингдек, иқтисодий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқишдан иборат бўлган лойиҳа гуруҳларининг иши ўрганилди.
Аниқ вазиятлар мисолида туман ва шаҳар раҳбарлари амалда энг кўп учрайдиган муаммоли масалалар кўриб чиқилди. Муайян аҳоли яшаш пунктларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаларни бошқариш янги механизмларини амалда қўллаш бўйича аниқ тушунтиришлар берилди.
Кўтарилган муаммолар тегишли вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари иштирокида ўрганилиб, уларни имкон қадар тезроқ ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўриш топширилди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари инвесторлар билан ишлашни такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда вилоятдаги туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини яхшилаш бўйича ўз таклифларини тақдим этдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги