Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухоро вилояти тадбиркорларининг масалалари ўрганилди
2022-01-31 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 30 январь куни Бухоро вилояти ишбилармон доиралари ташаббуси билан Бухоро шаҳри аэропортида тадбиркорлар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков билан режадан ташқари учрашуви ташкил этилди.
Учрашувга Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов ва Бош прокуратура раҳбарияти ҳам таклиф этилди.
Хусусан, вилоятда ишбилармонлик муҳитини шакллантириш омиллари, инфратузилмани ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ҳамда инвестицияларни жалб этиш учун саноатнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Тадбиркорлар билан бўлиб ўтган тўғридан-тўғри мулоқот вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги вазиятни бизнес нуқтаи назаридан ўрганиш ҳамда муайян ҳолатлар асосида вилоятда хусусий секторни, инвестициявий ва экспорт фаолиятини ривожлантиришга таъсир кўрсатадиган тизимли муаммоларни кўриб чиқиш имконини берди.
Шунингдек, учрашув иштирокчилари хусусий характердаги саволларни кўтариб, лойиҳаларни амалга ошириш ва экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнида дуч келаётган муаммолар ҳақида сўзлаб бердилар. Жумладан, лойиҳаларни молиялаштириш, айрим соҳаларда тадбиркорлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш, истиқболли бозорларга чиқиш ҳамда газ ва электр таъминотига бўлган эҳтиёж билан боғлиқ масалалар кўтарилди.
Тилга олинган масалаларни ҳал қилиш алгоритмлари бевосита йиғилиш давомида ишлаб чиқилди ва масъул раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги