“Йилнинг энг яхши спортчиси” энди “Йилнинг энг яхши спортчи-талабаси” деб эътироф этилди
Хабарингиз бор, ҳар йили Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан истеъдодли ва шижоатли ёшларни кашф этиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Йил талабаси” Республика танлови ўтказилади.
Ўтган ўқув йилида ҳам мазкур танлов юқори савияда ташкил этилди. Биз учун қувонарлиси, мазкур танловда спортчи-талабалар ҳам ўзларининг нималарга қодир эканлигини кўрсатиб, муносиб иштирок этишмоқда.
Кеча мазкур танловнинг якуний босқичи Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан онлайн тарзда ўтказилди ва Ташкилий қўмитанинг якуний хулосасига кўра “Йил талабаси 2021” анъанавий кўрик-танловининг “Йилнинг энг яхши спортчи-талабаси” номинациясида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Кўпкураш факултети Оғир атлетика таълим йўналиши 3 босқич талабаси Акбар Жўраев 1 ўринга муносиб деб топилди.
Акбар Жўраев 2021 йилда Токио 2020 ёзги Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, Олимпиада рекорди ва Тошкентда ўтказилган Жаҳон чемпионатида жаҳон рекордини янгилади. Шунингдек, у мамлакатимизда 2021 йил якунларига кўра “Йилнинг энг яхши спортчиси” деб топилган.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси