Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорлик муҳокама қилинди
2022-01-28 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) вице-президенти К.Лимитовский билан учрашди.
Учрашув чоғида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистонда ОИИБ лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, шерикликни янада чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Сўнгги икки йилда Ўзбекистоннинг ОИИБ билан молиявий-техник ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилди. Жумладан, қишлоқ инфратузилмасини, сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш, автомобиль йўлларини қайта таъмирлаш, соғлиқни сақлаш ва энергетикани ривожлантириш соҳаларида умумий қиймати 2,8 млрд долларга тенг бўлган 14 та лойиҳадан иборат инвестициялар портфели Марказий Осиё мамлакатларида ОИИБ лойиҳалари бўйича энг юқори кўрсаткичдир.
Ҳаётга жорий этилаётган лойиҳаларни амалга оширишни, шунингдек, кўриб чиқиш босқичида бўлган лойиҳалар юзасидан келишишни жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди. Томонлар инфратузилмавий ривожланиш соҳасига алоҳида эътибор қаратар экан, бу йўналишда аҳамиятга эга янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун улкан имкониятлар мавжудлигини қайд этдилар.
Музокаралар кун тартиби доирасида саноат ва ҳудудларни ривожлантириш ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражасини оширишга қаратилган лойиҳаларни бажариш учун кредит линиялари ажратиш, шунингдек, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошираётган хусусий компанияларни молиялаштириш мақсадида Банк ресурсларини жалб қилиш масалалари ўрганилди.
Шунингдек, Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ва ОИИБ ўртасида қўшма инвестиция лойиҳалари ва дастурларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2024 йилда ОИИБ Бошқарувчилар Кенгашининг Йиллик йиғилишини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди ва ушбу ташаббусни рўёбга чиқариш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашув якунида муносабатларнинг кўриб чиқилган барча соҳаларида амалий ҳамкорликни ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида биргаликдаги ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги