Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Туркия: Тиббиётда янги қўшма лойиҳалар амалга оширилади
2022-01-26 | Соғлиқни сақлаш
Туркия — Ўзбекистон билан ишончли ҳамкор, стратегик шерик. Икки томонлама алоқалар барча йўналишлар, хусусан, тиббиёт соҳасида ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида касалликка қарши курашишда Туркия бизга яқиндан амалий кўмак кўрсатмоқда.
Турк мутахассисларининг юртимизга келиб даволаш ва профилактика жараёнларида иштирок этиши, онлайн маслаҳатлашувлар орқали билим ҳамда тажриба алмашиши, COVID-19га қарши ҳимоя воситалари, тиббий жиҳозлар, дори-дармонлар ҳамда 200 минг доза “Sinovac” вацинаси тақдим этилиши шулар жумласидан.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар билан бўлиб ўтган учрашувда ўтган даврда тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик натижалари ҳамда келгусидаги режалар муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида Ўзбекистон-Туркия форуми ўтказилиб, тиббиёт муассасаларимиз ўртасида ҳамкорлик бўйича 10 та шартнома имзолангани бугун ўз амалий самараларини бермоқда. Қолаверса, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) кўмагида жойларда беморлар учун тиббий кўриклар ташкил этилиб, уларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётгани ўзаро муносабатларнинг яна бир муҳим йўналишидир.
Шунингдек, тиббий таълим соҳасида ҳам алоқаларимиз кенгаймоқда. Мутахассисларимиз Туркиянинг нуфузли клиникаларида малака ошириб қайтишмоқда. Бухоро тиббиёт институти негизида Туркия Тиббиёт фанлари университети билан ташкил этилган қўшма факультет фаолият кўрсатмоқда.
Учрашувда элчи жаноблари Туркия томони Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада изчил ва юқори суръатда давом эттиришга тайёр эканлигини қайд этиб, янги қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришга доир таклиф ва мулоҳазаларини баён этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги