Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент: Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади
2022-01-26 | Сиёсат
Президент раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
–Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз.
Бу мақсадга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш вазифасини ўз олдимизга қўймоқдамиз. Мухтасар айтганда, маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади, – деди Президент. –Мана шу чуқур маъноли фикрни эл-юртимиз, айниқса, ёшларимизнинг қалби ва онгига сингдиришимиз зарур. Шу боисдан, 2022 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасининг муҳокамаси фуқароларимиз билан “очиқ мулоқот” шаклида ўтказилиб, халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Муҳокама жараёнида аҳолидан 17 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди.
Уларнинг барчаси йўналишлар бўйича ўрганилди, бир-бирига яқин таклифлар умумлаштирилиб, Дастур лойиҳаси 300 дан ортиқ янги ташаббуслар билан тўлдирилди.
Мисол учун, фуқароларимиз билдирган:
- маҳаллаларда “Иш марказлари”ни ташкил этиш, маҳаллада ҳокимлар, сектор раҳбарларининг онлайн қабулини ўтказиш;
- давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этган фуқароларни рағбатлантириш;
- ҳар бир маҳаллани ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;
- аҳоли кайфиятини социологик сўровномалар орқали ўрганиб бориш;
- ёки узоқ ҳудудлардаги мактабларга автобус қатновини йўлга қўйиш каби таклифлар бизга айниқса маъқул бўлди.
Манба: ЎзА