Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент: Халқимиз бугунги кенг кўламли ўзгаришларга катта ишонч билан қараб, тезроқ уларнинг самарасини кўришни истамоқда
2022-01-26 | Сиёсат
Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид вазифалар муҳокама қилинмоқда.
–Барчангизга маълумки, ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳаётида ғоят муҳим давр бошланмоқда. Бу – янги тараққиёт ва миллий юксалиш давридир. 35 миллиондан иборат кўп миллатли халқимиз дунёдаги ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва обод жамият қуришдек улуғвор мақсадлар билан яшамоқда, – деди давлатимиз раҳбари. –Бугун биз жонажон Ўзбекистонимизнинг узоқ муддатга мўлжалланган истиқболи билан боғлиқ бўлган, ўта муҳим масалани муҳокама қилиш учун йиғилдик. Ҳаммангиз хабардорсиз, ўтган йили сайловолди дастури доирасида ҳудудларга ташрифларда “Инсон қадри учун” тамойилини барча ислоҳотларимизнинг бош мезони сифатида белгиладик.
“Давлат – инсон учун” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларимизнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқдик.
Ушбу стратегияда:
- яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг тараққиёт тенденциялари қандай бўлади?
- келгусидаги фаолиятимизни белгилайдиган айнан қайси мақсад ва вазифалар биз учун энг долзарб ва устувор ҳисобланади?
- давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳа ва йўналишларини комплекс ривожлантириш учун асосий эътиборни нималарга қаратишимиз керак?
- кейинги йилларда қабул қилинган қонун ва қарорларимиз, дастур ва режаларимизни янги даврда қандай давом эттиришимиз, уларга қандай қўшимча ва ўзгартиришлар киритишимиз керак? – деган саволларга чуқур ва атрофлича жавоб берилган.
Бугунги ҳаётимиз ва эртанги келажагимиз билан боғлиқ шу каби устувор масалалар таҳлили “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида ўзининг батафсил ифодасини топган.
Қайд этилганидек, халқимиз бугунги кенг кўламли ўзгаришларга катта ишонч билан қараб, тезроқ уларнинг самарасини кўришни истамоқда. Айнан шу сабабли демократик ислоҳотлар узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида келгуси фаолиятимиз учун “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган принцип бош тамойил этиб белгиланди. Шу асосда 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили бўйича давлат дастури тайёрланиб, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.
Манба: ЎзА