Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Узоқ ва яқин Япония

2022-01-26 | Сиёсат

Бугун, 26 январь Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди.

Давлатнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши, бошқа мамлакатлар билан дипломатик муносабат ўрнатилиши муҳим сиёсий воқеалар ҳисобланади.

Ана шундай тарихий ҳодисалардан бири - Ўзбекистоннинг Япония билан расмий муносабати йўлга қўйилиши 1992 йил 26 январь кунига тўғри келган.

Шу муносабат билан ЎзА жамоатчи мухбири фахрий дипломат Алишер Охунжонов билан суҳбатлашди.

- Алишер Собирович, Сиз Ўзбекистонни Японияда тамсил этган биринчи дипломатсиз. Ўша даврларни бир эсласак.

- Дарҳақиқат, юртимизнинг Японияга юборилган биринчи расмий вакилиман ва бундан фахрланаман. Аслида, бу бироз кутилмаган воқеа бўлган.

Ўша пайт Халқаро ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ишлардим. Хорижий давлатлар билан тенг иқтисодий ҳамкорлик қилиш масъулияти айнан мен раҳбарлик қилган бошқарма зиммасида эди.

Тошкентда 1993 йил январда кун чиқар юрт элчихонаси, кўп вақт ўтмай Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги - JICА ваколатхонаси очилади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Япония Ўзбекистонга қизиқиш намоён қилган. 1993 йил давомида бу ўлкадан мамлакатимизга юздан зиёд делегация келган. Биз уларни одатий ўзбекона меҳмондўстлик, очиқ кўнгил билан кутиб олсак-да, ҳадеганда кутилган натижадан дарак бўлавермади.

Кейинроқ билдик-ки, японларнинг иш услуби шундай экан, яъни музокара жараёни ҳамкор мамлакат обдон ўрганилмагунча чўзилавераркан. Буни паровознинг йўлга отланиши билан изоҳлашган: узоқ тайёргарлик кўрилади, йўлга тушгач, тўхтатиб бўлмайди.

Мана, сал кам ўттиз йил аввал йўлга чиққан ўша паровоз илдам одимламоқда.

- 1993 йил Тошкентда, уч йилдан кейин Токиода элчихона очилган. Шу орада қандайдир муҳим воқеалар содир бўлганми?

- Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқа ўрнатиш тўғрисидаги ҳужжат 1992 йил 26 январь куни Москвадаги ваколатхонамизда, япон элчиси ва давлатимиз вакили томонидан имзоланган.

Япониянинг Ўзбекистондаги биринчи элчиси Укеро Магосаки ажойиб дипломат, дилкаш инсон, халқаро илмий доирада таниқли олим эди. У мамлакатимизда уч йил фаолият юритиб, кейин Эронга элчи бўлиб кетган.

Токиога жўнашимиз олдидан бизни қабул қилиб, икки томонлама алоқани ривожлантиришга оид фойдали маслаҳатлар берган. Тўғриси, ўша суҳбат натижасида ҳамкорликка кенг йўл очилган.

Дастлабки йиллари JICА ёш, мустақил давлатимизга зарур иқтисодий ва техник ёрдам доирасида имтиёзли кредит, беғараз грант ажратган.

Муҳими, турли лойиҳалар учун берилган маблағларга давлатимиз кафил бўлган.

Бу Япония томони учун жуда қулай эди, чунки кун чиқар юртнинг етакчи компаниялари, молиявий тузилмалари бошқа хорижий давлатларда ўз ташаббуси билан фаолият юритарди. Бирор кор-ҳол юз берса, давлат кафолати бўлмагани учун тадбиркор ёки ташкилот куйиб қолиши ҳеч гап эмас эди.

Яна бир муҳим жиҳат: Япония Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, бунинг эвазига қандайдир сиёсий талаблар қўймаган. Мутахассислар яхши билишади, бундай ҳолатларда “Сендан угина, биздан бугина” нақлига амал қилинади. Қолаверса, Япония одатда бошқа давлатларга етарли даражада талаблар қўяди.

- Сизнингча, Япониянинг Ўзбекистонга бундай меҳри замирида нима бор?

- Иккинчи жаҳон уруши пайти ва кейин ҳам мамлакатимизга тақдир тақозоси билан жуда кўп японлар келиб қолган. Японияликлар Навоий номидаги опера ва балет театри, Фарҳод ГЭСи сингари қатор йирик бинолар қурилишида қатнашган. Ангрен кўмир конида, Когонда, Қўқонда ўзбеклар билан елкама-елка туриб меҳнат қилган. Уларнинг кўпчилиги тупроғимизда абадий қўним топган.

Ўзбекистон уларга ҳарбий асирлар, деб қарамаган. Биринчи Президент Ислом Каримов шундай деган эди: Биз японлар билан уруш қилмаганмиз. Улар бизнинг мамлакатимизда меҳнат қилган, иқтисодий ва маданий соҳаларга оид иморатлар бунёд этган. Шунинг учун уларнинг хотирасини қадрлашимиз керак!

- Мен ҳам яхши хотирлайман, 1994 йил майда Ислом Каримов Японияга давлат ташрифи давомида император Акихито жанобларига япон қабристонлари тўғрисидаги фото-альбомни топширган. Ўша ҳаяжонли дамлар Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган.

- Тўғри таъкидладингиз, ўша тарихий зиёратдан кейин Ўзбекистон-Япония муносабатларида кескин бурилиш рўй берган.

Токиода ишлаб юрган кезларим япон қабристонларига нисбатан илиқ муносабат, деярли, барча учрашувларда самимий эътироф этиларди. Яхшиликни унутмайдиган японлар бундай эътиборни меҳр-оқибат, саховат далили сифатида қабул этади.

- Токиода элчихонамиз очилиши ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

- 1996 йил февраль ойи ўрталарида Ташқи ишлар вазирлигининг япон тилини биладиган бир дипломати билан Токиога учдик.

Аэропортда бизни Ташқи ишлар вазирлиги бўлим мудири кутиб олди. Қонун-қоидага кўра, муваққат ишлар вакили расмий тарзда кутиб олинмайди.

Бундай самимиятни биз Ўзбекистонга нисбатан ҳурмат ифодаси, деб қабул қилдик.

Расм-русумлар ўтгач, “Империал” меҳмонхонасида “фаолият” бошладик. Япониядаги дипломатик корпус аъзолари билан танишиб улгурмасимиздан вазир шахсан биз билан кўришиш истагини билдирди. Бу ҳам протокол удумига мутлақо зид эди.

Вазир жаноблари Токиода Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи, МДҲ давлатлари орасида Россия ва Украинадан кейин Ўзбекистон элчихонаси очилгани билан бизни самимий табриклади.

Мулоқот чоғида мезбон Япония Ўзбекистон билан алоқани ривожлантиришдан манфаатдор эканини урғулади, республикамиз тўғрисида батафсил маълумот олди.

Расмиятчилик тугагач, вазирнинг елкасига чопон ташладим...

- Алишер-сан, (“сан” япон тилида “жаноб” маъносини англатади) олдин ҳам Японияга борганмидингиз?

- JICА 1993 йил Марказий Осиё республикалари ҳукумат вакиллари учун ўқиш ташкил этган. Икки ҳафта давомида Японияни ўрганган бўлдик. Ўшандаёқ Япония бизни ўзига мафтун этди. Бой таассурот билан қайтдик.

Бундан салкам 30 йил олдин илғор технологиялар асосида қизиқ ва бой тарихга эга ривожланаётган мамлакатни кўргандим.

- Қарийб беш йил ишлаб, анча дўстлар орттирган бўлсангиз керак?..

- Японлар жуда самимий, урф-одатлари бизникига ўхшаб кетадиган халқ. Масалан, оила муносабати, каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишда фарқ кўрмайсиз. Айниқса, меҳнаткашлиги, ишга масъулият билан ёндашишига тан бермай илож йўқ. Табиий бойлиги йўқ бу мамлакат иқтисодда, илм-фан, таълимда эришган ютуқларни санаб адоғига етиб бўлмайди.

Аслида японлар Ўзбекистон ҳақида узуқ-юлуқ тасаввурга эга бўлган. 1994 йил Хиросимада бўлиб ўтган Осиё ўйинлари мусобақасида Ўзбекистон футбол жамоаси ғолиб чиққанда маҳаллий оммавий ахборот воситалари жуда катта шов-шув кўтарган. Шундан кейин мамлакатимиз Японияда ҳам секин-аста танилиб борган.

Японлар 65 ёшдан кейин, нафақага чиққач, саёҳат қилишни хуш кўришади. Пандемиядан олдин пойтахтимиз ва бошқа тарихий шаҳарларимизда кекса япон сайёҳларни кўп учратардик. Ёши улуғ авлод мамлакатимиз, халқимиз, маданиятимиз, анъаналаримизни яхши билиши шундан.

Археолог Кюдзо Като Сурхондарёда илк Буддани қидирув ишларида муваффақиятга эришгандан сўнг японларнинг Ўзбекистонга қизиқиши янада ортди.

Собиқ иттифоқ даврида ташкил этилган “Фукусима-Ўзбекистон” дўстлик жамияти маданий алоқа алмашишда ҳозир ҳам муҳим ўрин тутиб келмоқда. Қизиғи, бу ташкилотни ҳалиям уруш даврида Ўзбекистонда меҳнат қилган Япония фуқаролари бошқариб келишади.

Бундан ташқари, аёллар, ёшлар жамоат ташкилотлари ҳам жуда фаол. Сетагая аёллар ассоциацияси билан мустаҳкам муносабат ўрнатгандик. Шундай тузилмалар орқали япон жамоатчилиги орасида Ўзбекистонни тарғиб этардик.

Ўша пайтдаги молия вазири ўринбосари Тадао Чино билан ҳам самимий муносабатда эдик. 1994 йил у Ўзбекистонга келган. Истеъфога чиққач, аввал хусусий илмий-тадқиқот институтига раҳбарлик қилди. Кейин Осиё тараққиёт банкини бошқарди. Япония бу банкнинг асосий кредиторларидан ҳисобланади. Шу банкда ишлаган чоғи Чино кредит ажратиш масаласида Ўзбекистонни кўп қўллаганини эътироф этишимиз керак.

Ўзбекистоннинг яқин дўстлари қаторида собиқ Бош вазирлар Ёширо Мори, Юрико Коике, Таро Асо (ҳозир парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари), Элчилар Кёке Накаяма хоним, Укеро Магосакиларни санаб ўтиш мумкин. Уларнинг бари икки мамлакат ўртасида ҳар томонлама алоқани ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишган.

- Элчихонамиз қайси тарихда очилган?

- Япония тараққий топган мамлакат, шу билан бирга, Токио айрим бошқа йирик мегаполисларга қараганда анча қиммат пойтахт ҳисобланади. Шунинг учун элчихона учун муносиб бино топиш мушкул кечган.

1993 йил май ойида JICА ташкил топганининг 20 йиллиги нишонланади. Тантаналарда Ўзбекистон ҳукумати номидан молия вазири Бахтиёр Ҳамидов қатнашади. Фурсатдан фойдаланиб, ҳукуматимиз вакилларига уч-тўрт бинони кўрсатганмиз. Бироз вақт ўтиб, биз танлаган бино молиялаштирила бошланди.

Ўша йил охирида Бош вазир Ўткир Султонов Японияга боради. Ташриф доирасида элчихонамизнинг очилиш маросими ўтказилади. Илк бор ҳукумат раҳбарлари даражасида учрашув бўлиб ўтади.

Манба: ЎзА

Поделиться