Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Лазги” ҳужжатли фильми қатор халқаро кинотанловлар ғолиби бўлди

2022-01-23 | Туризм

Туризм ва спорт вазирлиги қўллаб қувватлаши остида ёш умидли режиссёр Ихтиёр Бахтиёров томонидан тасвирга олинган “Лазги” ҳужжатли фильми қатор халқаро тадбирларда нуфузли мукофотларга муносиб кўрилди.

Жумладан, “Art Stream”, “Fifflondon”, “Blackboard”, “Lift-Off Season Awards” ва “IFFF” халқаро танловларида Лазги рақси тарихига бағишланган ҳужжатли фильм “Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли фильм” дея тан олинди.
 
“2020 йилги Ёшлар форуми доирасида ёш режиссёр укамиздан таклиф тушди, лойиҳани яхшилаб ўрганиб, уни ҳар томонлама қўллаб қувватладик - вазирлик томонидан лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағ ажратилди ва керакли шароит яратилди. Қисқа фурсат ичида “Лазги” фильмининг бундай ютуқларга эришиши давлатимиз раҳбарининг юртимиз маданий меросини асрашга қаратаётган эътибори, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва, албатта, ёшларга яратилаётган шароит натижаси деб биламан. Фильм ижодкорларининг кейинги фаолиятига омад тилайман.
 
Юртимиз ривожига ҳисса қўшувчи истеъдодли ёшларимиз кўпаяверсин, биз уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, - дейди Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.
 
“Лазги” ҳужжатли фильми Москва шаҳрида ҳар ойда бўлиб ўтадиган “Art Stream” кинофестивалида “Рақс ҳақидаги энг яхши қисқа метражли ҳужжатли фильм” дея эътироф этилди. Art Stream кинофестивали турли мамлакатлардаги барча жанрларда фаолият юритувчи мустақил кинематографистларни қўллаб-қувватлайди.
 
Шу билан бирга, “Лазги” Лондонда ўтказилувчи “Fifflondon” фильмлар танловида “Томошабинлар танловига кўра энг яхши фильм” сифатида тан олинган. Ҳар ой мазкур танлов ҳакамлар ҳайъати ёпиқ намойишларда энг яхши бадиий, ҳужжатли ва аннимацион фильмлар муаллифларини тақдирлайди.
 
Бутун дунё кино ишлаб чиқарувчиларини эътироф этишга бағишланган “Blackboard” халқаро кинофестивали бўлиб, унда “Лазги” фильми “Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли фильм” дея тан олинди.
 
Ҳиндистоннинг энг яхши фильмларга бағишланган “Lift-Off Season Awards” тадбири истеъдодли ижодкорларнинг юзлаб фильмларини кашф қилади. Ушбу фестивалда Ўзбекистоннинг “Лазги” фильми “Рақс ҳақидаги энг яхши фильмлардан бири” сифатида тан олинди.
 
Бундан ташқари, “Orange Film Academy”, Триссурдаги халқаро кинофестиваль, Медиатадқиқотлар маркази, Сент-Томас коллежи ва Ҳиндистон халқаро фольклор киноси томонидан ташкил этилган “IFFT” (International Film Festival of Thrissour) тақдимотида “Лазги” “Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли фильм” дея эътироф этилди.
 
“Бу фильмни ишлаш жараёнида Лазги рақсининг йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш, уни дунёга намойиш этиш ва шу орқали маданий меросимизга хорижликларнинг эътиборини қаратишни мақсад қилгандим. Тошкентда ўтган Ёшлар форумида Туризм ва спорт вазирига мурожаат қилдим ва улар менинг ушбу ташаббусимни тўлиқ қўллаб қувватладилар ҳамда тезда фильмни тасвирга олишга киришиб кетдик. Биздек ёшларни қўллаб қувватлагани, мотивация бергани учун Туризм ва спорт вазирлиги вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман”, - дейди фильм режиссёри Ихтиёр Бахтиёров.
 
Ўзбекистон давлат консерваторияси, Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа санати институти профессори, Санатшунослик фанлари номзоди. Aрдаҳан (Туркия) университети гўзал санъатлар факультети профессори Ботир Матёқубов фильм ҳақида шундай фикр билдирди:
“Дунёда шундай халқлар борки уларнинг қандайлигини ҳунармандчилиги, санъати ва рақслари орқали кашф қиласиз, ёдда сақлайсиз. Масалан, украинларнинг "Гопак"и, доғистонликларнинг "Лезгинка"си, Ўзбекларнинг "Лазги"си ёки “Андижон полькаси” ва бошқалар. “Лазги” рақси қадим замонларда юзага келган бўлса-да, бизнинг асримизга келиб дунёга танилди ва ЮНЕСКО шафелигига олинди. Бугунги кунга қадар 50дан ортиқ ижодкорлар унинг янги турларини яратишди. "Лазги" ҳақда қисқа ҳамда тўлиқ метражли фильмлар ишланиб, дунё кезмоқда ва сайёҳларни “Лазги” ватани бўлган Хоразмга чорламоқда. Йўқолиб бораётган чолғу асбобларнинг чалиниши ҳамда рақснинг тарихини ва унинг нақадар гўзалигини очиб берган бу фильм менга жуда манзур бўлди. Парвозингга кўз тегмасин, оташин, шижоатли, жўшқин Лазгим!”

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться