Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таълим инспекцияси бошлиғи: Онлайн таълимни сифатли ташкил қилиш давр талаби
2022-01-23 | Таълим
Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш чораларини давом эттириш ва мутацияга учраган инфекциянинг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида шиддатли тарқалишини олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг хулосаларидан келиб чиқиб, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида 2022 йил 24 январдан бошлаб бир ой муддат давомида таълим “онлайн” шаклда олиб бориш белгиланди.
Ушбу талабларга мулкчилик шаклидан қатъий назар барча давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари қатъий амалга қилиши талаб қилинади.
Янги штамм сабабли юзага келган ҳозирги қийин вазиятда халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертлар ҳар бир давлат мавжуд шароит ва имкониятлардан келиб чиқиб ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлашмоқда.
Халқаро ташкилотлар томонидан ҳар бир давлатдаги инсон капиталини баҳолашда таълим сифати билан биргаликда ёш авлод саломатлиги ҳам алоҳида эътиборга олинади. Зеро соғлом ёшлар келгусида юқори малака кадрлар сифатида мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади.
Мамлакатимизда бир ой мобайнида онлайн таълим олиб бориш тўғрисидаги қарор ҳам, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси вакиллари, амалиётчи педагоглар ва ота-оналар фикрини ўрганган ҳолда аввало болаларимиз саломатлигини ўйлаб қабул қилинди.
Сўнгги икки йил давомида кузатилган ҳолатлардан хулоса қиладиган бўлсак, таълим тизимимиз ҳар қандай чақириқларга тайёр бўлиши керак.
Кундан кунга дунёда касалликнинг янгича кўринишлари пайдо бўлиб, тез тарқалаётгани ва келгусида яна қандай ҳолатлар кузатилиши номаълумлиги масофавий (онлайн) таълимни ҳам сифатли йўлга қўйиш давр талаби эканлигини кўрсатмоқда.
Юртимизда ҳам сўнгги икки йил давомида онлайн таълимни йўлга қўйиш бўйича катта тажриба тўпланган бўлиб, эндиликдаги вазифа ушбу жараённи янада сифатли йўлга қўйиш ҳисобланади.
Ҳозирги пайтда барчамиз онлайн таълимни сифатли йўлга қўйиш, педагогларга ёрдам кўрсатиш, ота-оналарнинг бу масалаларга эътиборини ошириш ва зарур тавсиялар бериш бўйича ҳамкорликда ишлашимиз зарур.
Ўз навбатида масофавий (онлайн) таълим жараёнларининг сифатли ташкил қилиниши Таълим инспекцияси томонидан мониторинг қилиб борилади.
Хусусан, олий таълим ташкилотлари замонавий ахборот коммуникация технологиялари асосида ташкил этилган таълим фаолиятини, жумладан таълим олувчиларнинг эришган натижалари, улар томонидан фан дастурларининг ўзлаштириш ҳолати ва ўқув жараёни билан боғлиқ бошқа маълумотларни таълим ташкилотларининг электрон платформасидан фойдаланган ҳолда мониторинг қилиб борилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилди.
Давлат ва нодавлат мактабларда эса масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун Миллий телерадиокомпаниянинг “Онлайн мактаб” телеканаллари ҳамда масофавий таълимни самарали ташкил этиш учун ишга туширилган платформалардан унумли фойдаланиш талаб этилади ва бу жараёнлар тизимли мониторинг қилинади.
Таълим ташкилотларида анъанавий таълимнинг қанчалик тез бошланиши сизу бизнинг вазиятга қанчалик масъулият билан ёндашишимизга боғлиқ. Аҳолимиз қанчалик тезроқ эмланса, санитария - гигиена талабларига риоя қилса, ниқоб тақса, касаллик тарқалиши камаяди ва анъанавий таълимга шунчалик тезроқ қайтиш имконияти пайдо бўлади.
Ҳозирги вазиятда болаларимиз саломатлигини асраш ва уларга сифатли таълим бериш барчамизнинг олдимизда турган энг масъулиятли вазифадир.
Улуғбек Ташкенбаев,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш
давлат инспекцияси бошлиғи
Манба: ЎзА