Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида
2022-01-22 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш, ушбу ўйинлар ташкил қилинишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида:
1. “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. “Заковат” интеллектуал ўйини ва бошқа интеллектуал ўйинларни (кейинги ўринларда – интеллектуал ўйинлар) тизимли равишда ривожлантириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
ёшларнинг интеллектуал ривожланишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ва бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб бориш;
ёшлар ўртасида интеллектуал ўйинлар, нотиқлик мусобақалари, чет тилларда мунозара ва учрашувлар ўтказиш;
ёшлар ўртасида интеллектуал ўйинларни ривожлантириш ҳамда оммалаштиришга қаратилган лойиҳаларга грантлар ажратиш;
интеллектуал ўйинлар ва улардаги иқтидорли иштирокчилар ҳақидаги маълумотларнинг электрон платформага киритилишини таъминлаш ва интеллектуал ўйинлар натижаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш.
3. “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантириш бўйича республика ташкилий қўмитаси (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) ташкил қилинсин ҳамда унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Интеллектуал ўйинларни нафақат ёшлар, балки аҳолининг барча қатламлари ўртасида тарғиб қилиш, ушбу ўйинларни оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ва амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, миллий интеллектуал ўйинларни шакллантириш, уларни оммалаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгилансин.
Белгилансинки, Ташкилий қўмита мажлисларида қабул қилинган қарорлар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган баённомалар билан расмийлаштирилади.
4. Белгилаб қўйилсинки:
интеллектуал ўйинлар умумий ўрта таълим мактаблари, Президент таълим муассасалари, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ҳамда олий таълим муассасалари, шунингдек, кўнгилли жамоалар ўртасида тизимли равишда ўтказиб борилади;
Ташкилий қўмита (А.Абдувахитов) тавсиясига кўра интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб ва совриндор (1-3-ўринлар) бўлган умумий ўрта таълим мактаблари, шу жумладан, Президент таълим муассасалари ўқувчилари белгиланган тартибда – ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ҳамда олий таълим муассасаларига, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари – олий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига, олий таълим муассасалари талабалари – таълимнинг кейинги босқичига базавий тўлов контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади;
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи ёшлар ва талабалар учун йил давомида ҳар ойда бериладиган “Заковат” стипендияси таъсис этилади ҳамда ушбу стипендия Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;
таълим муассасаларида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал клубларининг координатори бўлган профессор-ўқитувчиларга директор жамғармаси ҳамда олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизи миқдорида бир марталик устама тўлаб берилади.
Ташкилий қўмита (А.Абдувахитов) уч ой муддатда интеллектуал ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини тасдиқласин.
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Президент таълим муассасалари агентлиги (Х.Умарова), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) уч ой муддатда интеллектуал ўйинларда ғолиб бўлган ўқувчи-ёшлар ва талабалар учун “Заковат стипендияси”ни бериш тартибларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов), Президент таълим муассасалари агентлиги (Х.Умарова) билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб, босқичма-босқич умумий ўрта таълим мактаблари, Президент таълим муассасалари, ўрта махсус ва профессионал ҳамда олий таълим муассасаларида “Заковат” интеллектуал клублари фаолиятини йўлга қўйсин ҳамда ҳудудлардаги Ёшлар марказларида интеллектуал ўйинлар жамоалари учун алоҳида хоналарни ташкил этсин.
5. Мамлакатимизда интеллектуал ўйинларни янада ривожлантириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги орқали Давлат бюджетидан “Заковат” интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилотига (кейиги ўринларда – “Заковат” интеллектуал клуби) 2022 йилда 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгилансин. Бунда, келгуси йилларда маблағлар “Заковат” интеллектуал клубига асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ажратилади.
Белгилансинки:
мазкур маблағлар интеллектуал ўйинларни ташкил этиш, савол йўллаган телетомошабинларни моддий рағбатлантириш, экспертлар ва ҳакамларга иш ҳақи тўлаш, “Заковат” интеллектуал клуби аъзолари учун очиқ рўйхатдан ўтиш электрон платформасини яратиш ва уни юритиш ҳамда ғолиб бўлган жамоалар аъзоларини ушбу қарорда белгиланган тартибда рағбатлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган компьютер ва мобиль ўйинларни яратган дастурчиларга грант ва субсидиялар ажратиш, шунингдек, ушбу ўйинларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади;
“Заковат” интеллектуал клуби ҳар чорак якуни бўйича ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланганлик тўғрисида Молия вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлигига ҳисоботлар киритиб боради.
Бунда, “Заковат” интеллектуал клубига мазкур бандга мувофиқ ажратилаётган маблағлар бўйича харажатлар сметаси Ташкилий қўмита (А.Абдувахитов) томонидан тасдиқланади.
6. 2022 йилдан бошлаб ҳар йили Интеллектуал олимпиада ташкил қилиб борилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Интеллектуал олимпиада таълим йўналиши, соҳаси, мутахассислигидан қатъи назар республикадаги барча олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилади;
Интеллектуал олимпиада халқаро тажрибани инобатга олиб, миллий қадриятларимизга мос келадиган интеллектуал ўйинлар бўйича ташкил қилинади;
Интеллектуал олимпиадани ташкил қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлар (Ўзбекистон шахмат федерацияси, Ўзбекистон шашка федерацияси ва бошқалар) имконияти ва салоҳиятидан кенг фойдаланилади;
умумжамоа ҳисобида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган олий таълим муассасасига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси топширилади;
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Интеллектуал олимпиада ғолиб ва совриндорларини ўз мутахассислиги бўйича кадрлар захирасига олиш амалиётини йўлга қўяди.
Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Интеллектуал олимпиадани ташкил қилиш тартибини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
7. Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили апрель ойида “Интеллектуал ҳафталик” тадбирини тизимли равишда ўтказиб бориш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
Белгилансинки:
“Интеллектуал ҳафталик” олий таълим муассасаларининг талабалари ўртасида интеллектуал соғлом рақобатни юзага келтириш, талаба-ёшларнинг билимга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, республиканинг турли ҳудудларида таҳсил олаётган заковатли ёшлар учун фикр алмашиш имкониятини яратиш, олий таълим муассасаларида интеллектуал тўгараклар фаолиятини ривожлантириш ҳамда ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида ташкил қилинади;
“Интеллектуал ҳафталик” давомида интеллектуал ўйинлар, илмий конференциялар, илм-фан, адабиёт соҳасида таниқли олимлар иштирокида семинарлар, маданий-маънавий тадбирлар, турли соҳа етакчилари (раҳбарлар), йирик компания (иш берувчилар) вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказилади;
“Интеллектуал ҳафталик”ни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар тегишли олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошкулов “Интеллектуал ҳафталик”ни тўлиқ ва самарали ташкиллаштириш юзасидан шахсан масъул этиб белгилансин.
8. Ёшлар ишлари агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Қурилиш вазирлиги томонидан “Заковат” интеллектуал клуби учун алоҳида бино ҳамда Интеллектуал ўйинлар шаҳарчасини (кейинги ўринларда – объект) барпо этиш учун “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудуддан 3 гектар ер майдони танлаб олинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг:
Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудуддан 3 гектар ер майдонини (кейинги ўринларда – танланган ер участкаси) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан аҳоли пунктларининг шаҳар ва посёлка қурилиши ерлари тоифасига ўтказиш;
танланган ер участкасини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан чиқарилиши муносабати билан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловларини тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев) икки ой муддатда:
танланган ер участкасининг амалдаги ер эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачиларидан қонунда белгиланган тартибда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишини ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилишини;
давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкасининг Ёшлар ишлари агентлигига объектни барпо этиш мақсадида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилишини;
Кадастр агентлиги билан биргаликда давлат ер кадастри маълумотларига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.
9. Белгилаб қўйилсинки:
а) объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш доирасида:
Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси – буюртмачи функциясини бажаради;
бош лойиҳа ва пудрат ташкилотлари белгиланган тартибда ўтказиладиган тендер (танлов) натижаларига кўра аниқланади;
б) объектни қуриш ва жиҳозлаш харажатлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
в) объект қуриб битказилиб, фойдаланишга қабул қилингандан сўнг белгиланган тартибда Ёшлар ишлари агентлигига оператив бошқариш ҳуқуқи билан бепул берилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев) маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш ишларини амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
10. Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев):
бир ой муддатда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги билан биргаликда “Заковат” интеллектуал клуби аъзолари учун очиқ рўйхатдан ўтиш электрон платформасини яратсин. Бунда, шу жумладан жамоалар, уларнинг рейтинг баллари ҳамда интеллектуал ўйинларнинг йўналиш ва босқичлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши назарда тутилсин;
уч ой муддатда интеллектуал ўйинлар ғолиблари ва совриндорлари учун Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да мавсумий ишлайдиган “Интеллектуал мактаб” лойиҳасини йўлга қўйсин.
11. Ташкилий қўмита (А.Абдувахитов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили туман (шаҳар)лардан бирини “Интеллектуал ҳудуд” деб эълон қилиш ҳамда у ерда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда “Ёшлар” телеканали ҳамда тегишли ҳудудий телеканалларда интеллектуал ўйинларни кенг ёритиш ва тарғиб қилиш ишларини мунтазам ташкиллаштириб борсин.
13. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З.Саъдуллаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари А.А.Джурабаев белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 август ҳамда 2023 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 20 январь
Манба: ЎзА