Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президент Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди

2022-01-21 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев 21 январь куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Улардан бири Юнусобод тумани, Шаҳрисабз ва Амир Темур шоҳ кўчалари кесишмаси ёнида қурилаётган Tashkent Central Park мажмуасидир. Ушбу инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Мажмуа учта 15 қаватли бинодан ташкил топади. Уларда беш юлдузли меҳмонхона, бизнес офислар, конференция зали, савдо шохобчалари, ресторанлар бўлади. Атрофда ландшафт дизайнли боғ, ер остида икки қаватли автотураргоҳ барпо этилади.

Бугунги кунда биноларнинг асоси тикланган. Мажмуа 2023 йилда қуриб битказилиши мўлжалланган.

Давлатимиз раҳбари қурилиш ишларини жадаллаштириш, келгусида хизмат турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Олмазор кўчасида барпо этилаётган Tashkent city mall мажмуасини ҳам бориб кўрди. Бу ерда 29 қаватли меҳмонхона, 30 қаватли бизнес маркази, 4 қаватли савдо-кўнгилочар шохобчалар биноси бўлади. Уларнинг қурилиши жадал давом этмоқда ва 2023 йилгача ишга туширилиши кутилмоқда.

Шу ерда қурилиш ташаббускорлари ва инвесторлар билан қисқа мулоқот бўлди. Мажмуа минтақамиздаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлиши, унда ва турдош соҳаларда 10 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги, яратилган имкониятлар кичик ва ўрта бизнес ривожига кучли суръат бағишлаши таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокимлигида барпо этилган вазиятларни бошқариш марказини бориб кўрди.

Ушбу марказ аҳолига замонавий хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. 110 миллиард сўм маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 4 қаватли бино қурилган. 60 та сервер, катта ҳажмли кузатув экрани, компьютерлар билан жиҳозланган.

Марказ электр энергияси, табиий газ, сув ва иссиқлик таъминоти, йўл, транспорт, жамоат хавфсизлиги каби 60 дан ортиқ соҳа идораларининг биллинг тизими ва порталлари билан интеграция қилинган. Бу орқали мазкур соҳалардаги маълумотлар, барча маҳалла ва кўчаларидаги ҳолат геолокация орқали яққол кўриниб туради. Туманларга бириктирилган мутахассислар буни онлайн режимда кузатиб боради ва зарур пайтда тезкор хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, ситуацион марказ шаҳар инфратузилмасини таҳлил қилиш ва режалаштириш каби стратегик масалалар билан ҳам шуғулланади. Масалан, қаерда шифохона, мактаб ё болалар боғчаси қуриш, қайси йўл ёки муҳандислик тармоғини таъмирлаш зарурлиги тўғрисида хулоса беради. Марказда 100 нафарга яқин малакали мутахассислар ишламоқда.

Президент ушбу марказ тажрибасини бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилишга кўрсатма берди.

Шу ерда Тошкент шаҳрида маҳаллабай ишлашни ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказилди.

Мамлакатимизда барча соҳалардаги чора-тадбирлар ҳар бир маҳалланинг ўзида ташкил этилмоқда. Тошкент шаҳрида ҳам Маҳаллабай ишлаш агентлиги бошқармаси, 579 та маҳаллада ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолият бошлади.

– Бу икки тизим вакиллари, яъни ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари маҳалладаги ислоҳотчи бўлади. Аҳоли ҳаётини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни касбга ўргатиб, ишга жойлаштириш масалаларида сизлардан умидимиз катта, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга қаерда қандай соҳани ривожлантириш, ишсиз аҳолини қайси касбларга ўқитиш бўйича ҳар бир маҳалланинг иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш топширилди.

 Жорий йилда Тошкент шаҳри маҳаллаларида инфратузилмани яхшилашга бюджетдан 500 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Шунингдек, давлат томонидан маҳаллаларда бизнесни ривожлантиришга 476 миллиард сўм кредит ва субсидиялар берилади. Ушбу маблағлар ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан, маҳалладаги энг долзарб бўлган ижтимоий ва коммунал масалаларга ҳамда тадбиркорлик лойиҳаларига йўналтирилиши айтилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига шу пайтгача бирорта инвестиция лойиҳаси бўлмаган 271 та маҳалла учун лойиҳалар шакллантириб, уларга инвестицияларни жалб этиш бўйича топшириқ берилди. Янги саноат лойиҳаларини ишга тушириб, шаҳар экспортини 2 баробарга ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан суҳбатда давлатимиз раҳбари уларнинг энг асосий вазифаси иш самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда ҳар бир оила ҳолидан хабардор бўлиб, “темир”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарларига киритилганларга қўлдан келганча ёрдам бериш, инсон қадрини улуғлаш эканини таъкидлади.

Ёшлар етакчилари ҳар кун изланишлари ва ўз устида ишлашлари, туман ҳокимига янги таклифлар бериб боришлари кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Маҳаллаларда қурилиши режалаштирилган ижтимоий иншоотлар лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар, Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими натижалари ҳақида тақдимот ҳам ўтказилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться