Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда географик кўрсаткичлар белгиланади
2022-01-21 | Экология
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси экспертлар гуруҳи мажлисида “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Унда сенаторлар, экспертлар, мутахассислар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Экспертлар маҳаллий ижро органлари томонидан маҳсулот ишлаб чиқувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш муҳимлигини алоҳида таъкидлашди.
Маълумки, географик кўрсаткич – товарнинг муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан маҳсулот сифатидаги идентификацияловчи белги ҳисобланади. Умуман олганда, географик кўрсаткичлар товарларнинг келиб чиқиш жойи номидан иборат бўлади. Мисол учун, географик кўрсаткичлардан бири бўлган “Рокфор” дейилганда фақат Франциянинг маълум бир вилоятида ишлаб чиқарилган пишлоқ тушунилади.
Чет элдаги географик кўрсаткичларга мисол қилиб, “Swiss” (соатлар), “Feta” (пишлоқ) ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Қўмита экспертлари мамлакатимизда ҳам маълум бир ҳудудга хос маҳсулотлар, айниқса қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасидаги маҳсулотларни оммалаштириш учун катта имкониятлар мавжудлиги, бироқ, товар келиб чиққан жой номларига бўлган қатъий талаблар сабабли минтақавий брендлар етарли даражада ривожланмаганлигини алоҳида қайд этдилар.
Иштирокчилар мазкур Қонуннинг ҳаётга тадбиқ этилиши маҳсулоти учун белгини рўйхатдан ўтказишни хоҳловчи ишлаб чиқарувчилар сонининг ортишига ва энг асосийси минтақавий брендларнинг ривожланишига хизмат қилишини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати