Бугун, 20 январ куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Татаристон Республикаси делегацияси вакиллари билан учрашди.
Унда Вазир Шерзод Шерматов Татаристон Республикаси таълим ва фан вазири Илсур Хадиуллин ва “Иннополис” гуруҳи вакиллари билан ўзаро мулоқот қилди.
Учрашув давомида томонлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, IT таълимни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда таълим соҳасида ўзаро яқинликни кенгайтириш бўйича атрофлича фикрлар алмашилди.
Музокара доирасида “Иннополис” гуруҳи вакиллари билан ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли иқтисодиёт соҳаларида биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорликда кадрлар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, аутсорсинг IT хизматларни ташкил этиш мақсадида IT Парк билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишилди.
Шунингдек, Татаристон томонни қизиқтирган масалалар юзасидан ҳам қўшимча ахборотлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги