“Буюк Ипак йўли” музейини барпо этишда инклюзивлик муҳитига алоҳида эътибор қаратилади
Самарқанд шаҳридаги “Буюк Ипак йўли” музейининг дастлабки дизайн концепсияси тақдим этилди. Музей Самарқанд шаҳри марказида – Университет булвари ва Бобур Мирзо кўчаси ўртасида жойлашиб, унинг қурилишида инклюзивлик муҳитига алоҳида эътибор қаратилади.
Бу ҳақида пойтахтда Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаяне Умерова иштирокида бўлиб ўтган тақдимот тадбири доирасида маълум қилинди.
“Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистоннинг маданият ва санъат соҳаларини қайта ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга йўналтирилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган фундаментал қарорлар қабул қилинмоқда. Ушбу қарорларни амалга оширишга доир ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2022 йилларда Самарқанд шаҳри инфратузилмасини яхшилаш ва туризмни ривожлантириш учун шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2021 йил 23 февралдаги 4999-сонли) қарори ҳисобланади”, - деди Азиз Абдуҳакимов.
Қарорга кўра, Самарқанд шаҳрида “Буюк Ипак йўли” музейини бунёд этиш Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига топширилган. Лойиҳа Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, унинг дизайн консепсиясини яратишда эса Жамғарма Германиянинг “Ателиер Броокнер ГмбҲ” бюроси билан ҳамкорлик қилмоқда.
Дастлабки дизайн консепсиясига кўра, қайтадан қурилиши режалаштирилаётган музейнинг ташқи кўриниши силлиқ ипак тасма шаклида бўлиб, Ипак йўлини эслатади ва бутун бино бўйлаб ўтган бўлиб, марказий майдонни пандус кўринишида кесиб ўтади. Бинонинг биринчи қавати марказида Самарқанд шаҳри тасвири намоён бўлади, том қисмида эса - барча қаватлардан кўриниб турувчи ландшафт элементлари. Шунингдек, бинонинг бармоқларни эслатувчи ўзига хос майдони кўргазма экспозицияларини яратиш учун қулай шароит билан таъминлайди.
Музей кўргазма залларининг ички безакларига ҳамоҳанг бўлган юқори қаватдаги экспозиция зонаси уч “қанот” орқали ўтади ва марказий очиқ Атриумни қамраб олади. Ҳар бир “қанот”нинг охирида уч тематик зона жойлашган.
Консепсияга кўра, бино пастки қаватининг қўшимча майдонлари юқори қаватдаги кўргазмага олиб борувчи марказий пандуслар билан боғланади ва галереялар уч тематик зонага ажратилади: илм-фан ва маданият, йўналиш ва ландшафт, экспорт ва импорт. Ушбу зоналар ўртасида Самарқанд шаҳри маркази - маданиятлараро кесишма акс этади ва бу ердаги катта доира шаклидаги витрина йирик коллекцияларни намойиш қилиш имконини беради. Жамғарма музей дизайни консепсиясини ишлаб чиқишда шунингдек инклюзив муҳитни таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, меҳмонларнинг қулайлиги учун музейда кўрсаткичлар ўрнатилган, рақамли ва меъморчилик дизайнига ўзига хос равишда ёндашилган.
Шунингдек, музей майдонидан яна-да самарали фойдаланиш мақсадида унинг том қисмида дам олиш учун, шу жумладан меҳмонларнинг ўтириши жойларни кўпайтириш, болалар майдони ва боғ қисмини кенгайтириш кўзда тутилган. Энг асосийси, қурилиш майдони атрофидаги дарахтларга зиён етказмаслик мақсад қилинган.
Мазкур лойиҳа ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси қўмитасига мувофиқлаштириш учун киритилади, зеро объект қурилиши режалаштирилган ҳудуд Самарқанднинг ЮНЕСКО рўйхатидан ўрин олган тарихий қисмида жойлашган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги