Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатимиз чарм-пойабзал саноатини ривожлантиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди
2022-01-19 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида чарм-пойабзал саноатининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантиришни рағбатлантириш чора-тадбирларини муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти ҳамда “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш давомида Уюшма раҳбарияти жорий ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг кўрсаткичлари, шу йилда амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилган инвестициявий лойиҳалар ҳамда яратилаётган иш ўринлари ҳақида маълумот берди. Жумладан, соҳа корхоналари томонидан 2021 йилда умумий қиймати 4,4 трлн. сўмга тенг бўлган маҳсулот ишлаб чиқарилди, 423 млн. доллар ҳажмида товарлар экспорт қилинди, 202 млн. долларга тенг инвестициялар жалб этилди, улардан 76 млн. доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2 трлн. сўмлик маҳсулотлар яратилди. Лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига жорий йилда жами 11,2 мингта янги иш ўрни яратилди.
Чарм, пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорлардаги ҳолат ҳамда Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини экспорт қилишнинг истиқболли йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Жорий йилда ва ўрта муддатли истиқболда инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг мақсадли кўрсаткичлари тақдим этилди. Асосийлари орасида 2022 йил охирига бориб, ишлаб чиқариш ҳажмларини 4,8 трлн. сўмгача етказиш ва 450 млн. доллар қийматидаги товарлар экспортига эришишдир. Шунингдек, умумий қиймати 214 млн. долларга тенг бўлган 49 та лойиҳа амалга оширилиши ва 12,5 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Янги ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш, хом ашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ва маҳаллий чарм, пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тармоқда импортни таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратиш ҳамда ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ва импорт қилинадиган ускуналар, бутловчи қисмлар ва кимёвий моддаларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни шакллантириш топширилди.
Халқаро саноат кўргазмаларида иштирок этиш учун мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг кенг доирасини жалб қилиш, шунингдек, ташқи бозорларга маҳаллий маҳсулотларни илгари суриш мақсадида чет элда бизнес-миссиялар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган корхоналар ишчиларининг малакасини ошириш бўйича ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Уюшма вакиллари соҳани янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган таклифларини билдирдилар. Булар сирасига инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини қўллаш, хорижий мутахассислар ва маслаҳатчиларни жалб этиш, мавжуд ишлаб чиқариш объектларини модернизация қилиш ва уларнинг атроф-муҳит учун хавфсизлигини таъминлаш, тегишли техник жиҳатдан тартибга солиш механизмларини жорий этиш ва бошқа чора-тадбирлар киради. Ушбу таклифлар атрофлича ўрганиб чиқилди ҳамда уларни такомиллаштириш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунлари бўйича соҳани янада ривожлантириш ва мақсадли кўрсаткичларга ўз вақтида эришишни таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги