Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кураш тарғиботи Халқаро пресс-клуб билан янги босқичга чиқмоқда
2022-01-19 | Жамият
2022 йил курашни янада оммалаштириш йўлида муҳим мусобақалар ўтказилиши белгиланган. Жорий йилда Халқаро Кураш ассоциацияси ва қитъавий конфедерациялар тақвим режасидан 50 дан ошиқ нуфузли тадбирлар ўрин олган.
Жумладан, март ойида кураш ватани – Ўзбекистонда катталар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтса, сентябр ойида Хитойнинг Ханчжоу шаҳри ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Ноябрнинг якунларида эса Ҳиндистонда катталар ўртасида жаҳон чемпионлари номи аниқланади. Шунингдек, жорий йилда юртимизда ва Кўҳна қитъа Европада бир неча бор Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирлар, кураш мураббийлари ва ҳакамларининг халқаро семинарлари ташкил этилади.
Халқаро Кураш ассоциациясида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам мазкур мусобақаларни юқори даражада ташкил этиш, курашни халқаро майдонда янада ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди. Йиғилишда Халқаро Кураш ассоциацияси ва унинг таркибидаги Осиё-Океания Кураш конфедерацияси, Халқаро кураш институти, Ўзбекистон Кураш федерацияси раҳбарияти, Халқаро пресс клуб ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Учрашув давомида мазкур ишларни ташкил этишда ўзаро ҳамкорлик, бир жамоа сифатида фаолият юритиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Якунда Халқаро Пресс клуб томонидан курашни янада кенг тарғиб қилиш, оммалаштириш бўйича Осиё-Океания Кураш конфедерацияси ва Ўзбекистон Кураш федерациялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси