Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Почта алоқаси сирини таъминлаш масалаларига тегишли аниқлаштирувчи нормалар киритилди
2022-01-18 | Сиёсат
ОНЛАЙН Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Унда «Почта алоқаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси бўйича Қонунчилик палатаси депутати Ўктам Исломов маъруза қилди. Қайд этилганидек, муҳокама қилинаётган лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қўмита томонидан 10 га яқин ишчи гуруҳ йиғилиши, давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда лойиҳани янада такомиллаштириш, маромига етказиш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича кўплаб таклиф ва тавсиялар берилди.
Ушбу таклифлар асосида қонун лойиҳасига қатор ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, лойиҳа «Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари» деб номланган янги модда билан тўлдирилди. 9, 10 ва 11-моддаларга почта алоқаси хизматларини кўрсатиш, почта алоқаси сирини таъминлаш масалаларига тегишли аниқлаштирувчи нормалар киритилди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳада меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, аҳолига тезкор, замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш учун шароитлар яратиш имконини беради. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021-2023 йилларда почта алоқаси соҳасини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни ҳамда ратификация қилинган 4 халқаро шартномалар доирасида почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.
Манба: ЎзА