Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Лос-Анжелес-2028 Олимпиадасига даъвогар ёшларга эътиборни кучайтириш бўйича йиғилиш ўтказилди
2022-01-18 | Спорт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг топшириғига биноан МОҚда 2028 йил Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича учрашув бўлиб ўтди. Унда МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари ва Олий спорт маҳорати мактабларининг масъуллари иштирок этишди.
Қайд этиш жоиз, ҳозирданоқ 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларимизни муносиб тайёрлаш, кучли захира ёшларини тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Йиғилишда жамоаларимиз олдида турган муаммоларни бартараф этиш, замонавий методикалардан кенг фойдаланиш, терма жамоалар базасидаги моддий-техник базаларини янада яхшилаш каби устувор масалалар юзасидан атрофлича фикрлар билдирилди.
“Президентимиз спорт йўналишидаги келажагимиз учун ҳозирдан аҳамият қаратмоқдалар. Шундай экан, биз ҳам бунга ўзимизнинг улушимизни қўшишимиз керак. Мавжуд муаммо ва камчиликларимизни яхши биламиз. Бундан хулоса чиқарган ҳолда истиқболли режалар билан олдинга қараб ҳаракат қиламиз. Биз йўлга қўйиб оладиган тизимли ишимиз Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларига замин яратади”, – деди МОҚ раҳбари.
Йиғилиш давомида МОҚ раҳбари спорт тиббиёти ва психологияси йўналишларида тажрибали мутахассисларни терма жамоаларга жалб қилиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, терма жамоалардаги мавжуд захира спортчиларини аниқлаш ва кўзланадиган йўлланмалар режасини шакллантириш, бу борада жамоавий ўйин спорт турларига алоҳида аҳамият қаратиш бўйича атрофлича фикрлар билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси