Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров “Delphos International” компанияси бошқарув Раиси Барт Туртелбум билан учрашув ўтказди.
Маълумот учун: “Delphos International” ривожланаётган бозорлардаги лойиҳалар учун узоқ муддатли капитални жалб қилишга ихтисослашган етакчи мустақил молиявий консалтинг хизмат кўрсатиш компанияси ҳисобланади.
Учрашувда, шунингдек, Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Хусусий секторни тахлил қилиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Саиджон Қодиров иштирок этдилар.
Учрашув кун тартибидан давлат-хусусий шериклиги механизмларини, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, хусусийлаштириш масалалари ўрин олди.
Учрашув аввалида томонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мумкин бўлган ҳамкорлик йўналишлари борасида фикр алмашдилар.
Учрашув давомида нафақат инсон капиталини ривожлантириш масалалари, балки давлат-хусусий шериклиги лойиҳалари ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Bart Turtelbum Ўзбекистонда ислоҳотлар изчил давом этаётганлигини алоҳида та’кидлади. Шунингдек, “яшил” иқтисодиётнинг компания учун муҳим ва манфаатли йўналиш эканлигини билдириб, ушбу соҳа юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Учрашув сўнггида томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги