Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Қирғизстон ўртасидаги ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди
2022-01-17 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ўзбекистонда ўз дипломатик миссиясини якунлаётган Қирғизистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси И.Джунусовни қабул қилди.
Учрашув чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди, шунингдек, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш бўйича кейинги саъй-ҳаракатлар белгиланди.
2021 йилда Қирғизистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар алоҳида динамикага эга бўлганлиги қайд этилди. Ташриф доирасида икки томонлама тадбирлар, жумладан, Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг йиғилиши ҳамда Ўзбекистон Республикасининг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг чегараолди вилоятлардаги ваколатли вакиллари Кенгашинининг йиғилиши ўтказилди.
Савдо-иқтисодий соҳада эришилган муваффақиятлар алоҳида таъкидланди. Жумладан, сўнгги уч йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 16 фоизга ошиб, 1 миллиард долларлик маррага яқинлашди. Трансчегаравий савдони ривожлантириш ҳамда икки мамлакатнинг логистика ва транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш учун салмоқли имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Томонлар инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар. Истиқболли лойиҳаларни, шу жумладан, 2021 йилда ташкил этилган Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳавий ташаббусларни ишлаб чиқиш ва уларни илгари суриш юзасидан кейинги тадбирлар белгиланди.
Учрашув якунида томонлар мавжуд келишувларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишига содиқлигини билдирдилар. Ўзбекистон томони И.Джунусовга Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди ҳамда кейинги фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги