Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламентлараро ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
2022-01-14 | Сиёсат
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан 2021 йил якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
2021 йил Ўзбекистон ташқи сиёсатида халқаро муносабатларга дахлдор тўлақонли субъект сифатида мазкур қўмитанинг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш диққат марказида бўлди. Юртимизда хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро нуфузи ва имижини мустаҳкамлаш, бу борада ҳуқуқий асосни такомиллаштириш каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, ташқи сиёсатимиз устувор йўналишларидан бири етакчи давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар билан стратегик шериклик ва ҳамкорликнинг мувозанатланган тизимини шакллантиришдир. Шу маънода мамлакатимизда миллий манфаатимизга жавоб берадиган, яқин ва узоқ хориж билан алоқани мустаҳкамлашга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган амалий ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган давр мобайнида қўмита масъуллигида қонун ижодкорлиги йўналишида ишлаб чиқилган 10 та қонун лойиҳаси қабул қилинди. Сенат ва Қонунчилик палатасининг 4 та Қўшма қарори, 10 та концепция, дастур, режа ва йўл хариталари тасдиқланди. Бундан ташқари, қўмита йил давомида 10 дан ортиқ қонун лойиҳаси ва бошқа қонун ҳужжатларига таклиф, тавсиялар тақдим этди.
Шунингдек, парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан самарали фойдаланилган ҳолда, жойлардаги тизимли муаммоларни ҳал этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари зиммасидаги муҳим масалалар ўз вақтида ҳал этилиши ҳолатини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб давом этаётган COVID-19 пандемияси халқаро ва парламентлараро учрашувлар ўтказиш, ҳамкорлар билан дипломатик алоқа ўрнатишда қатор ноқулайликлар келтириб чиқарди. Шунга қарамай, қўмита томонидан вазият бевосита мувофиқлаштирилиши натижасида икки палатанинг хорижий мамлакатлар парламентлари ва қонунчилик органлари билан тузилган ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари сони 53 тага етказилди.
- Парламентлараро муносабатда ҳам кўп томонлама, ҳам икки томонлама алоқалар йўлга қўйилмоқда, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева. – Хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси билан шериклик ўрнатилган. Ҳамкорлик доирасида нафақат мулоқот олиб борилади, балки турли ўзаро ҳужжатлар муҳокама қилинади. Депутатларимиз томонидан кўриб чиқилган таклифлар тақдим этилади. Мазкур таклифлардан келиб чиққан ҳолда минтақавий ёки халқаро миқёсдаги ҳужжатлар тайёрланади ва такомиллаштирилади. Ҳозирги вақтда Европа, Осиё, Америка қитъалари, Шимолий Африка давлатлари билан яқин ҳамкорлик қилинмоқда. Испания, Чехия, Финландия, Швеция парламентлари билан изчил алоқа йўлга қўйилган. Айни жараёнда яшил тараққиёт, яшил энергия, сув масалалари, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича ўзаро манзилли амалий мулоқот бошлашга келишиб олганмиз.
Учрашувда қўмита аъзолари жисмоний ва юридик шахслар мурожаатини ўз вақтида ўрганиш ҳамда тегишли муаммони мумкин қадар ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратганлиги қайд этилди. Хусусан, қўмитага келиб тушган жами 628 мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тегишли вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий давлат органларига юборилди.
Бугунги кунда қўмита томонидан вазирлик, идоралар раҳбарлари эшитувини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан бирга самарали иш олиб бориляпти. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари ҳамда хорижга чиқаётган меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаати ҳимояси ҳолати ҳақида мунтазам ҳисобот эшитилиши натижасида мурожаатларнинг аксарияти ижобий ечим топяпти.
Матбуот анжумани якунида қўмита томонидан жорий йил амалга оширилиши режалаштирилган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Манба: ЎзА