Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Журналистлар олмалиқда Президентимиз борган манзилларда рўёбга чиқаётган лойиҳалар билан танишмоқда
2022-01-13 | Сиёсат
Айни пайтда Олмалиқ шаҳрида “Президент ташрифидаги манзиллар: таълим ва тиббиёт тизимлари ҳамда ишлаб чиқариш соҳасида кутилаётган ўзгаришлар" мавзусидаги пресс-тур давом этмоқда.
Дастлаб шаҳар ҳокимлигида масъуллар иштирокида ОАВ вакиллари, блогерларга жойларда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берилди. Биринчи манзил ҳудуддаги 20-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби бўлди. Бу ерда математика, она тили, инглиз тили чуқурлаштириб ўқитилмоқда.
Уч қаватли мактаб 1 минг 500 нафардан зиёд ўқувчига мўлжалланган бўлиб, ўтган йил мукаммал таъмирланган. Бинода 46 та синфхона, 3 та лаборатория ва фан хоналари замонавий жиҳозланган. Давлатимиз раҳбари 2021 йил 22 декабрь куни Олмалиққа ташрифи давомида мазкур таълим масканидаги шароитларни кўздан кечирган эди.
Хусусан, мактаб ўқувчилари билан суҳбат давомида болалардан келажакда ким бўлиши ҳақида иншо ёзиб, Президентга йўллашини сўраган эди. — Бу учрашув ўқувчиларимиз учун эсда қоларли бўлди, — дейди 20-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори вазифасини бажарувчи Дилором Дадажонова.
— Ёшларимиз келажак орзулари, режалаштирган мақсадлари ифодалаган ишоларни ёзиб, Президентимизга юборишди. Учрашувда ўқувчиларнинг олий таълимга кириш даражаси, уни янада яхшилаш бўйича зарур тавсиялар ҳам берилди.
Ҳозир бу борада саъй-ҳаракатларни олиб боряпмиз. Бунинг учун мамлакатимиздаги нуфузли олийгоҳларимиз билан ҳамкорлик қиляпмиз. Ота-оналар билан суҳбатларда болаларнинг дарсдан ташқари бўш вақтини ҳам унумли ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.
Бундан ташқари, ўқув дарсликлари билан боғлиқ таклифларимиз ҳам эътиборга олинадиган бўлди. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича миллий дастур яратиш мақсадида ҳам ишлар бошланди.
Пресс-тур иштирокчилари таълим даргоҳида яратилган шароитлар билан танишишди.
Тадбир давом этмоқда.
Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги