Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Солиқ кодексининг махсус қисмига шарҳ тайёрламоқда.
Биринчи босқичда қўшилган қиймат солиғи, даромад солиғи ҳамда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни тартибга солувчи нормаларга шарҳ тайёрлаш режалаштирилган.
Шарҳлар Солиқ кодексининг ҳар бир нормасининг ҳуқуқий ва амалий аҳамиятини очиб беради, уларни амалда қўллаш бўйича тавсиялар таклиф этилади. Ишда солиқ солиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ва солиқ органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти умумлаштирилади.
Шарҳлар талабалар, ўқитувчилар, бухгалтерлар, тадбиркорлик субектлари, инвесторлар ва бошқа манфаатдор томонлар учун мўлжалланган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, барча солиқ тўловчиларни Солиқ кодексининг нормаларини қўллашда юзага келадиган саволлари билан иштирок этишларини таклиф қиламиз.
Сизни қизиқтирган савол ва таклифларингизни вазирлик расмий телеграм ижтимоий тармоғи саҳифасидаги ушбу хабарнинг изоҳ қисмида қолдиришингиз мумкин. Берилган саволларга жавоблар Солиқ кодексининг Махсус қисмига берилган изоҳларда акс эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг умумий қисмига билдирилган шарҳлар эса Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги